Адлия вазири ўринбосари А.Каримов Қирғизистон Республикасига амалга оширилган ташрифи доирасида Қирғизистон Республикаси Адлия вазири А.Баетов билан икки томонлама учрашув ўтказди.
Учрашув чоғида томонлар икки вазирлик ўртасида ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш борасида ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Хусусан, Ўзбекистон ва Қирғизистон Адлия вазирликлари ўртасида 2024-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури доирасида амалга оширилаётган қўшма чора-тадбирлар доирасида эришилган аниқ натижалар атрофлича кўриб чиқилди.
Шунингдек, жорий йил Ўзбекистон Республикаси адлия вазири раислигида ўтказилиши режалаштирилган МДҲга аъзо давлатлар адлия вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлиси юзасидан бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар мавжуд ҳамкорлик даражасини юқори баҳолаб, икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.
Учрашув дўстона ва конструктив руҳда ўтди.
Н.Абдураимова, ЎзА