Тошкент шаҳар ҳокимлигида Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муса Жаманбаев билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар икки давлат етакчиларининг олий даражадаги учрашув ва мулоқоти туфайли эришилган стратегик ҳамкорлик асосида ривожланиб бораётганини қайд этди. Пойтахт ҳокимлиги кўп йиллик дўстлик ва қардошлик ришталарига асосланган ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрлиги билдирилди.
Муса Жаманбаев сўнгги йилларда Ўзбекистонда халқ фаровонлиги ва барқарор тараққиёт йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилганини айтди. Унинг таъкидлашича, аҳолининг турмуш даражасини ошириш, шунингдек, сайёҳларнинг маданий ҳордиқ чиқариши ва дам олиши учун имконият ва шароитлар яратилмоқда.
Тошкент ҳамда Бишкек ва Ўш шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш муҳимлигини айтиб, мамлакатларимиз шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, ижтимоий, инвестициявий ва бошқа лойиҳаларни фаоллаштириш, шунингдек, ўзаро манфаатли шаҳар делегациялари ташрифларини амалга ошириш таклифини билдирди.
Шунингдек, Шавкат Умурзоқов Қирғизистон элчисининг таклиф ва ташаббуслари Тошкент учун муҳим эканини таъкидлаб, барча йўналишларда биргаликда ишлаш, мавжуд муносабатларни ҳар томонлама кенгайтириш ва ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.
Томонлар энг самарали ечимларга эришиш учун амалий мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.
Гулноза Бобоева, ЎзА