Ўзбекистон ва Хитой Адлия вазирликлари ҳуқуқий хизматлар соҳасида ҳамкорлик қилади

Ўзбекистон адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов Хитой Халқ Республикаси Адлия вазири ўринбосари Ҳу Вэй Ли билан учрашди.
Учрашувда Хитой Халқ Республикаси Адлия вазирлиги билан адлия ва ҳуқуқ соҳасида йўлга қўйилган ўзаро ҳамкорлик алоқалари муҳокама қилинди.
А.Каримов меҳмонларга аҳолига юридик хизмат кўрсатиш, жумладан, ушбу соҳада амалга оширилаётган сўнгги ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.

Ўз навбатида, жаноб Вэй Ли Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, Хитой Адлия вазирлигининг юридик ёрдам кўрсатиш ва нотариат соҳасидаги асосий вазифалари ва функциялари билан таништирди.
Томонлар Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилгани, турли соҳаларда кенг қиррали алоқалар ривожланиб бораётгани ҳамда олий даражадаги ўзаро икки томонлама ташрифлар бунинг аниқ мисоли эканига урғу бериб ўтдилар.
Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Хитой Халқ Республикаси Адлия вазирлиги ўртасида ҳуқуқий хизматлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Англашув меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат доирасида томонлар юридик хизмат платформаларини яратишда, адвокатлик ва нотариат фаолияти, ҳуқуқий ёрдам, суд-экспертиза, арбитраж ва тижорат медиацияси соҳаларида ҳамкорликни амалга оширишга келишиб олди.
Н.Абдураимова,
ЎзА