Маъмурий тартиб-таомилларнинг ягона механизми яратилади

Сенат ялпи мажлисида «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди.
Қонуннинг асосий мақсади – маъмурий актларни қабул қилиш, ўзгартириш, ижро этиш ва бекор қилишга қаратилган маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Ушбу қонуннинг қўлланиладиган соҳаси кенгайтирилмоқда. Қонун солиқ, божхона, давлат назорати ва текшируви, фуқароларнинг пенсия таъминоти, ҳарбий рўйхатга олиш ва ҳарбий хизматга чақириш, шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш, ер участкаларини ажратиш ва олиб қўйиш каби тартиб-таомилларга нисбатан татбиқ этилиши белгиланмоқда.

Қонун ўзбошимчаликни ва ваколатнинг суиистеъмол қилинишини тақиқлаш, ҳуқуқни қўллашни рад этишга йўл қўймаслиги каби янги принциплар билан бойитилди.
Амалдаги принципларга аниқ ва тўлиқ таърифлар берилди.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши жисмоний ва юридик шахслар билан давлат органлари ўртасидаги муносабатларни аниқ белгилашга, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига давлат органлари ходимлари томонидан етказилиши мумкин бўлган ноқонуний хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилишга, маъмурий тартиб-таомилларнинг ягона механизми яратилишига хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Н.Абдураимова, ЎзА