Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг “Транспорт, ўзаро боғлиқлик ва иқлим ҳаракати орқали барқарор келажакни бунёд этиш” шиори остидаги норасмий саммити бўлиб ўтди.

Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз минтақаларимизни боғлайдиган транспорт лойиҳаси – Марказий йўлакни ривожлантириш мавжуд ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, турк дунёсининг глобал ролини оширишга ёрдам беришини таъкидлади.

Унинг фикрича, ТДТ бирлик ва ҳамжиҳатликнинг энг аниқ кўриниши. Тузилма доирасидаги ҳамкорлик даражаси, улкан саъй-ҳаракатлар натижасида эришилган ютуқлар кишига фахр бағишлайди.

Венгриянинг жамоага аъзо бўлиш учун ариза берганидан мамнунлигини қайд этган Йилмаз, айниқса, ўтган йил Анқарада ташкил этилиши бўйича қарор қабул қилинган фуқаро муҳофазаси механизми бўйича давом этаётган музокаранинг самарасига умид билдирди.

Мулозим Шарқ ва Ғарбни боғловчи кенг кўламли энергия ва транспорт инфратузилмаси лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилаётгани, Озарбайжон билан бу соҳада амалга оширилаётган лойиҳалар ибратли эканини таъкидлади.

Вице-президент минтақада, айниқса Ғазода тўқнашувга бутунлай барҳам бериш энг муҳим вазифа эканини, ҳудудда имкон қадар тезроқ доимий ўт очишни тўхтатиш, аҳолига гуманитар ёрдамни узлуксиз етказиш зарурлигини таъкидлади.

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА