Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Рақамли технологиялар соҳасидаги истиқболли стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва соҳадаги йирик ташкилотлар фаолиятини экспортга йўналтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ,  2024 йил 1 июлдан бошлаб рақамли технологиялар соҳасида IT-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда экспортга йўналтириш бўйича стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили ўтказиладиган танлов асосида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки орқали қуйидаги позициялар бўйича 1 миллиард сўмгача грантларни ажратиш тизими жорий этилади:

истиқболли ғояга – 150 миллион сўм;

маҳаллий бозорга ихтисослашган лойиҳага – 300 миллион сўм;

жаҳон бозорига ихтисослашган лойиҳага – 1 миллиард сўм.

Қарор билан:

рақамли технологиялар соҳасида стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун танлов ўтказиш;

танлов иштирокчиларига қуйиладиган талабларни белгилаш;

танлов иштирокчиларини баҳолаш ва грант совриндорларини аниқлаш;

танлов натижаси бўйича грантлар ажратишни  назарда тутувчи низом тасдиқланди.

Шунингдек, мазкур қарори билан Рақамли технологиялар соҳасида стартап лойиҳаларини танлаш ва грант ажратиш бўйича танлов комиссияси таркиби ҳам тасдиқланди. Комиссиянинг вазифаси:

танловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ тегишли қарорлар қабул қилиш, танловни ўтказиш муддатларини белгилаш;

танлов доирасида молиялаштириладиган лойиҳанинг самарадорлигини баҳолаш ва мониторинг қилиш;

танлов доирасида молиялаштириладиган стартап лойиҳани иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига жорий этишга кўмаклашишдан иборат бўлади.

Қарорга кўра “Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси” МЧЖ танлов комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади.

IT-паркка танлов босқичларини ташкил этиш ва танлов натижалари шаффоф баҳоланиши учун лойиҳанинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашдан ўтказиш бўйича ўз маблағлари ҳисобидан энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан аниқланган рақамли технологиялар соҳасида хизматлар кўрсатувчи хорижий (халқаро) ташкилот билан шартнома тузиш ҳуқуқи берилади.

2024 йил 1 июлга қадар танлов доирасида иштирокчиларни рўйхатга олиш, янгиликларни ёритиб бориш, грант маблағларини олиш учун мурожаат қилиш (ариза юбориш), мурожаат жараёнини кузатиб бориш ва танлов билан боғлиқ бошқа маълумотларни жойлаштиришга мўлжалланган махсус платформа ишга туширилади.

2024 йил 1 октябрдан бошлаб жами даромади календарь йил давомида 100 миллиард сўм ва ундан юқори бўлган IT-парк резидентлари учун экспортнинг минимал кўрсаткичлари ҳамда мазкур кўрсаткичлардан келиб чиққан ҳолда улар томонидан IT-парк дирекциясига жами даромадидан ўтказиладиган ажратмаларнинг табақалаштирилган миқдори жорий этилади.

ЎзА