Хитойдаги интернет-компанияларнинг даромадлари ортиб бормоқда

Жорий йилнинг биринчи беш ойида Хитойнинг йирик интернет компаниялари даромади йилига 23,9% ўсиб, 332,5 миллиард юанни (тахминан $52 миллиард) ташкил этди. Бу ҳақда сешанба куни Хитойнинг Саноат ва ахборот вазирлиги маълум қилди.
ТАССнинг маълумотларига кўра, жами даромаднинг 90% дан ортиғи – 300,4 миллиард юан (тахминан 47 миллиард доллар) ахборий хизматлар тармоғи хиссасига тўғри келади. Даромадларининг учдан бир қисмини электрон тижорат соҳаси таъминлаган.
Таъкидланишича, Хитой Интернет компаниялари даромадларининг барқарор ўсишига, ҳисобот даврида онлайн ўйинлар бозорининг мунтазам кенгайиши шунингдек, видео ва мусиқа учун ишлаб чиқилган иловалар ва хизматларнинг ошиши туртки берган. Расмий статистика маълумотларига кўра, жорий йилнинг май ойи охирида мамлакатда шу каби дастурларнинг сони 4,15 миллиондан ошди.
Агентлик маълумотларига кўра, Хитойнинг Гуандун, Шанхай ва Пекин шаҳарларида жойлашган интернет-компанияларининг даромади 2018 йилнинг биринчи беш ойида энг кўп ўсишни кўрсатди. Ўсиш кўрсаткичи мос равишда 32,9%, 19,9% ва 34,2% ни ташкил этган.
Хитойнинг интернет-компаниялари капитализацияси 2017 йилда 8,9 триллион юанга (тахминан 1,4 триллион доллар) етди. Шу билан бирга, маҳаллий бозорнинг 73,9 фоизи Tencent, Alibaba ва Baidu томонидан эгаллаб олинган.

 

Н. Тошпўлатова, ЎзА