ЎЗБЕКИСТОН – БОЛГАРИЯ алоқалари янги босқичда

Мамлакатимизга ташриф буюрган «Болгария – Ўзбекистон» дўстлик гуруҳи раиси Адлен Шукри Шевкед бошчилигидаги Болгария Республикаси Халқ мажлиси делегацияси 2 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида учрашув ўтказди.
Мулоқотда қуйи палатанинг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси А.Жалилов Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий, ташқи сиёсат соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Ўзбек ва болгар халқлари ўртасидаги алоқалар қадимга бориб тақалади. Бугунги кунга келиб мамлакатларимиз савдо, инвестиция, транспорт, туризм, илм-фан ва маданият соҳаларида ўзаро ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Тадбирда меҳмонларга Қонунчилик палатаси фаолияти, тизимдаги янгиликлар ҳақида сўзлаб берилди. Парламентлараро алоқаларни янада фаоллаштириш ҳамда яқин истиқболга мўлажалланган ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Адлен Шукри Шевкед самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон – Болгария ҳамкорлиги сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилганини, ушбу ташриф парламентлараро муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигида ўтказилган учрашувда Ўзбекистон билан Болгария ўртасида савдо, сайёҳлик, энергетика, табиатни муҳофаза қилиш, транспорт ва логистика, фан, таълим каби қатор соҳалардаги самарали ҳамкорлик ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, қўшма бизнес лойиҳаларини ривожлантиришга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.
Суҳбат чоғида иқтисодий ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари – саноат, транспорт коммуникациялари, туризм, шунингдек, замонавий қўшма саноат корхоналарини ташкил қилишнинг истиқболли йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Болгария делегацияси шу куни Туризмни ривожлантириш ва Инвестициялар бўйича давлат қўмиталарида ҳам музокаралар ўтказди.

 

Гўзал Сатторова, ЎзА