Кўз инсон учун энг бебаҳо неъмат, энг муҳим тана аъзоси ҳисобланади. Қабул қилинадиган ахборотнинг тўқсон фоизи айнан кўз орқали қабул қилинади. Кўз касалликлари келиб чиқиши наслий бўлиши ҳам мумкин. Аммо наслга, ёшга, жинсга боғлиқ бўлмаганлари ҳам мавжуд. Жаҳон тиббиётида рефракция аномалиялари (узоқ ёки яқинни яхши кўрмаслик — миопия, гиперметропия, астигматизм), турли кўз жароҳатлари, катаракта, глаукома, пресбиопия (кексайган сари кўришнинг пасайиб бориши) каби касалликлар кўп учрамоқда. Қолаверса, экологик мувозанатнинг бузилиши, озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида турли кимёвий қўшимчаларнинг улуши тобора ортиб бориши, носоғлом турмуш тарзи кўз касалликлари кўпайишига сабаб бўлади.

Бугун дунё тиббиёти офтальмология ва кўз микрохирургияси йўналишида ҳам улкан ютуқларга эришди.

Пойтахтимизда ташкил этилган “Офтальмологияда инновацион технологиялар” халқаро конференциясида кўз касалликларининг олдини олиш ҳамда офтальмологияни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ҳақида ўз борди.

Анжуман Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Офтальмологлар ассоциацияси ва Ўзбекистон Республикаси Шифокорлар ассоциацияси кўмагида ташкил этилди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Офтальмологлар ассоциацияси масъуллари томонидан  500 нафардан ортиқ мутахассис иштирокида халқаро вебинарлар ўтказилган. Американинг машҳур “Lions Eye Institute” трансплантация маркази билан ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Шунингдек, Ассоциация томонидан давлат органларига маслаҳат ёрдами кўрсатилмоқда, болалар учун профилактика дастурлари амалга оширилиб, оптометрист ҳамшираларнинг малакасини ошириш ташкил этилмоқда.

Тадбир давомида Ўзбекистон офтальмологлар ассоциацияси раиси Зулфия Мақсудова тиббиётнинг муҳим йўналиши ҳисобланган, замонавий рақамли технологияларнинг ривожланиши ва шунга мос равишда инсон, айниқса, болалар ва ўсмирлар кўзига юкланишнинг кескин ортиши туфайли талаб ортиб бораётган офтальмология соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш муҳимлигини қайд этди.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, кўзни ҳимоя қилишнинг универсал усули йўқ. Кўришнинг сусайиб бориши қайтариб бўлмайдиган жараён. Ишнинг сифатига бажарилган ишнинг табиати, генетик жиҳатдан аниқланган хусусиятлар, шунингдек, юқори жисмоний фаоллик ва овқатланиш таъсир қилади.

Халқаро конференцияда офтальмологик ёрдамни ташкил этиш масалалари, глаукома, кўзнинг олдинги сегменти, кўз гавҳари ва орқа сегмент патологиясини даволашда янги технологиялар, шунингдек, офтальмологик диагностикада инновацион ечимлар, шу жумладан рефракция аномалияларини ташхислаш ва даволашда замонавий ёндашувлар кўриб чиқилди.

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА