Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов шеърияти теран фалсафий қарашлари, халқчиллиги, самимияти, она тилимизнинг олтинга тенг жозибасини, нафосати ва нозиклигини ҳис этишга имкон бериши билан ғоят қадрлидир. Шу сабабли устоз ижодкорнинг шеърлари адабиёт мухлислари томонидан катта қизиқиш, завқ, ҳайрат ва ҳавас билан мутолаа қилинади.

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Green Hills Resort” дам олиш масканида Эркин Воҳидов ижодига бағишланган адабий фестиваль жараёнида бу жиҳатлар яна бир карра намоён бўлди. Ғоят самимий, файзли, шукуҳли тарзда ўтказилган ушбу адабиёт, шеърият байрамига сўз санъати мухлислари, ёзувчи ва шоирлар, ёшлар, устоз ижодкорнинг фарзандлари, қадрдонлари, дўстлари таклиф этилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Эркин Воҳидов ижодига бағишланган адабий фестиваль қатнашчиларига табригини Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди. Унда таъкидланганидек, бугунги ғоят мураккаб глобаллашув даврида ёшлар онги, тафаккури, маънавиятини турли хатарли ғоя ва қарашлардан асрашда, уларда миллий адабиётимизга чексиз муҳаббат ва иштиёқни, она тилимизга ҳурматни шакллантиришда Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф сингари забардаст ижодкорларнинг адабий мероси улкан аҳамият касб этади.

Давлатимиз раҳбари ўз табригида ушбу адабий фестивални ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиш таклифини қўллаб-қувватлади.

Дарҳақиқат, устоз ижодкор Эркин Воҳидов шеърларида миллий ўзлик, халқ дарди, Ватан шаъни устувор ўрин эгаллайди. Донишманд устозимизнинг ўлмас сатрлари халқни таназзулдан огоҳ этади, миллий уйғоқликка, маънавий бедорликка чорлайди. Шу боис унинг шеърлари ҳозирчага турли тилларга таржима қилинмоқда, катта қизиқиш ва ихлос билан мутолаа этилмоқда.

Фестивалнинг очилишида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, устоз журналист Аҳмаджон Мелибоев ва бошқалар Эркин Воҳидов  ижодининг ўзига хослиги, унинг Ватанимиз равнақи, халқимиз маънавиятини  юксалтириш йўлидаги хизматлари, ибратли ҳаёт йўли ҳақида батафсил сўз юритдилар.

Миллий адабиётимизда Эркин Воҳидов беназир шоир ва драматург, моҳир таржимон, ўткир публицист, йирик жамоат арбоби сифатида ном қолдирган ижодкордир. Табрикда эътироф этилганидек, ижодкорнинг асарлари адабиётимиз “олтин фонди”дан жой олиши билан бирга, юртимиз ва хориждаги миллионлаб шеърият ихлосмандларининг кўнгил мулкига айланган.

Кейинги йилларда Президентимиз томонидан Эркин Воҳидов ижодини тарғиб этиш, унинг бой маърифий меросини ўрганиш йўлида катта ташаббуслар илгари сурилди. Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби ташкил этилди. Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида шоирнинг азиз хотирасига муҳташам ҳайкал ўрнатилди.

Мамлакатимизда илк марта ташкил этилган устоз шоир хотирасига бағишланган адабий фестиваль ҳам жуда қизиқарли тарзда ўтди. Жумладан, шеърият ва мусиқа кечасида устоз шеърлари асосида баҳру байт, достонлар, шеър ва ғазаллар айтилди, шоир сўзлари билан куйланувчи дилбар қўшиқлар куйланди. “Театр кечаси”да эса Эркин Воҳидов қаламига мансуб “Олтин девор”, “Руҳлар исёни”, “Донишқишлоқ ҳангомалари” асарлари асосида театрлаштирилган лавҳалар намойиш этилди. Эркин Воҳидов хотирасига бағишлаб шахмат турнири ҳам ўтказилиб, ижодкорнинг порлоқ хотираси ёдга олинди.

–  Ушбу фестиваль жараёнида отажонимизнинг шеърлари, ижоди халқимиз қалбидан чуқур жой олганига яна бир карра гувоҳ бўлдик, – деди атоқли шоирнинг фарзанди Моҳира Воҳидова. – Фестиваль жуда баланд руҳда, кўтаринки кайфиятда ўтди. Ушбу ижодий лойиҳа эндиликда ҳар йили ўтказиладиган бўлди. Халқимизнинг ардоқли шоири, отажонимиз Эркин Воҳидов хотирасини эъзозлаш йўлидаги чексиз эътибор ва ҳурмат учун Президентимиздан, халқимиздан миннатдормиз.

Ижодий лойиҳа якунида турли номинациялар бўйича ғолиблар тақдирланди. Шунингдек, “Яшил макон” умумиллий лойиҳаси доирасида Эркин Воҳидов боғи ташкил этиладиган бўлди ва устоз ижодкорлар томонидан илк дарахт кўчатлари ўтқазилди.

 

Назокат Усмонова,  

ЎзА мухбири