Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 21-23 май кунлари Москва шаҳрида “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги статистикасини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида статистика бўйича талабаларнинг халқаро олимпиадаси бўлиб ўтди.

Олимпиадада МДҲнинг еттита давлатидан иштирок этган 13 жамоа  статистикага оид билим ва кўникмасини синовдан ўтказди.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети жамоаси илмий раҳбари Улуғбек Камолиддиновнинг хабар беришича, мазкур олимпиадада Ўзбекистондан иккита жамоа барча бочқичларда фаол қатнашди.

– Олимпиадада етти мамлакатнинг турли олий ўқув юртларидан келган талабалар уч босқичда, яъни ижодий топшириқ, индивидуал тестлар ва илмий тадқиқот натижалари асосида куч синашди. Уч кун мобайнида улар ўз имкониятларини имтиҳондан ўтказиш мобайнида иштирокчи давлат талабалари билан танишиб, дўстона мулоқотга киришди. Бу эса уларнинг келгуси ҳаётида ҳам бир-бири билан мустаҳкам ҳамкорлик қилишда қўл келади, – деди У.Камолиддинов.

Аҳамиятлиси, иштирокчи жамоалар олимпиаданинг барча босқичларида статистикага оид билимларини кўрсата олди.  Ўзбекистонлик жамоалар эса Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича Ўзбекистонда таълим соҳасида гендер тенглиги бўйича статистик маълумотларни аниқ фактлар ва бугунги кун талаблари асосида таҳлил қилди. Бундай таҳлил олимпиада ташкилотчиларининг эътирофига сазовор бўлгани янада эътиборлидир.

–Олимпиада якуний натижаларига асосан Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг ҳар иккала жамоаси ҳам юқори натижаларни қўлга киритди ва муносиб ўринларга сазовор бўлди, –деди ушбу жамоаларнинг раҳбари Абдулазиз Абдувалиев. –Яъни,  Ўзбекистон жамоаси “Илмий тадқиқотларда ижодий ёндашув” ва “Статистик инструментлардан малакали фойдаланиш” номинациялари бўйича ғолиб, деб топилди. Бундай ютуқлар эса талабаларимизни ўз устида ишлаши ва изланишига катта туртки бўлади ва юқори кайфият бағишлайди.

Олимпиада якунида жамоалар халқаро сертификатлар билан тақдирланди.

 

Насиба Зиёдуллаева,  

ЎзА