Москва давлат лингвистика университети (МДЛУ)да Ўзбекистон маданияти кунлари тантанали суратда очилди.

Россиянинг “Катта Осиё”, “Блокнот” каби қатор нашрлари ушбу воқеа тафсилотини батафсил ёритди.

Мақолаларда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Бош котиби ўринбосари Илҳом Неъматов тадбир иштирокчиларига табрик йўллагани қайд этилган.

“Москвадаги ўзбек миллий-маданий автономияси” вакиллари, маданият ва санъат арбоблари, ўқитувчи ва талабалар, Ўзбекистондаги олий ўқув юртларидан вакиллар қатнашгани таъкидланган.

Тадбир меҳмонлари халқимиз маданиятига оид стенд, миллий амалий санъати асарлари, кулолчилик, каштачилик маҳсулотлари, чолғу асбобларимиз ва ўзбек адабиёти намуналари билан танишди. Республикамизга бағишланган ҳужжатли фильм, ўзбек миллий-маданий мухторияти вакиллари ва университетда ўзбек тилини ўрганаётган талабалар томонидан мусиқий чиқишлар намойиш этилди.

Иштирокчилар бой тарихимиз, юртимиздаги қадимий ёдгорликлар, табиий ландшафтлар, халқаро маданий тадбирлар, гастрономик туризм имконияти ва машҳур ҳунармандлик устахоналари билан танишди.

Ўзбекистон Шарқнинг энг жўшқин, ўзига хос маданий масканларидан бири экани эътироф этилди. Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган диёримизда аксарияти ЮНЕСКО Жаҳон мероси объекти сифатида муҳофаза қилинаётган қадимий обидалар, қалъа ва қасрлар, сирли, бетакрор табиат ёдгорликлари, халқ оғзаки ижоди элементлари бисёрлиги таъкидланди.

МДЛУ проректори Ольга Ирисханова университетда МДҲ давлатлари тили, маданияти, тарихи ва анъаналарига алоҳида эътибор қаратилаётганига урғу берди. Унинг айтишича, таълим даргоҳида Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк ўзбек адиблари, мутафаккирлари ва давлат арбоблари ҳаёти ва ижодига бағишлаган кўплаб тадбирлар мунтазам равишда ўтказилади.

МДҲ бош котиби ўринбосари Илҳом Неъматов 2022 йилдан буён Ўзбек тили ва маданияти маркази фаолият юритаётган Москва давлат лингвистика университетида Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилишини йилнинг муҳим воқеаларидан бири сифатида баҳолади.

– Ушбу маданий тадбир икки ва кўп томонлама муносабатни ривожлантиришда муҳим омил ҳисобланади, – деди И.Неъматов. – Ўзбек тили ва маданияти маркази ўзбек халқининг тарихи, тили, маданияти, қадриятлари, менталитети, анъана ва урф-одатини ўрганишга беқиёс ҳисса қўшмоқда. Бу нафақат тилшунослик ривожига, балки мамлакатларимиз, халқларимиз яқинлашувига хизмат қилмоқда. Маданий мулоқот жараёнида амалга оширилаётган “Ҳамдўстлик давлатлари маданий пойтахти” давлатлараро дастури изчил самарадорлик намоён этмоқда. Ушбу юксак мақом жорий йил дунёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири – Самарқандга берилгани рамзий маъно касб этади. МДЛУда ўтказилаётган Ўзбекистон маданияти кунлари эса мазкур дастур доирасида режалаштирилган тадбирлар билан уйғун, ҳамоҳанг.

Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида 24 май куни Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси ҳудудидаги “Ўзбекистон” павильонига ташриф буюриш режалаштирилган.  Мажмуада тематик мусиқий кеча, ўзбек кинолари намойиши, ўзбек чойхонаси билан танишиш мумкин.

Маданий тадбирлар 27 майгача давом этади.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА