Онлайн: сенаторлар иш жараёнида илк бор планшетлардан фойдаланмоқда

Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси давом этмоқда. Сенаторлар иш жараёнида илк бор планшетлардан фойдаланган ҳолда иш олиб бормоқда. 
Айни пайтда мажлисда янги таҳрирдаги “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама этилмоқда.
Лойиҳа юзасидан сенатор Боймат Расулов сўзга чиқди.
Қайд этилишича, бугунги кунда экстремистик таҳдидлар кўлами кенгайгани, турли йўллар билан одамлар, айниқса, ёшлар онгини дин ниқобидаги экстремизм ғоялари билан забт этишга уринаётган террористик кучлар мавжудлиги сир эмас. Бошқача айтганда, экстремизм жамият учун хавфли омиллардан бирига айланмоқда. Айнан мазкур муаммо ушбу йўналишда халқаро-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш заруратини юзага келтирди.
Шу мақсадда 2017 йил 9 июнда Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгаши мажлисида Ўзбекистон Республикаси томонидан ШҲТнинг “Экстремизмга қарши курашиш Конвенцияси” имзоланди.
Конвенция қоидалари Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига бир қатор ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилишини ҳамда янги қонун ҳужжатлари қабул қилинишини тақозо этди. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президентининг Конвенция меъёрларини имплементация қилишга оид фармойиши қабул қилинди.
Айтиб ўтиш керакки, Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида экстремизм таҳдидларининг олдини олиш, унга қарши курашиш ва бартараф этишга қаратилган “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган.
Шунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 3 апрелдаги қонуни билан ШҲТнинг “Экстремизмга қарши курашиш Конвенцияси” ратификация қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Хорижий давлатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши юртимизда тинчлик ва ҳамжиҳатлик, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни сақлаш ҳамда давлат хавфсизлигини таъминлашда ғоят муҳим аҳамият касб этади.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА