Мамлакатимиз элчиси Абдусалом Ҳотамов Ўмон парламенти қуйи палатаси раиси Халил Ал-Мавалий билан учрашув ўтказди.

Мулоқот давомида Ўмон Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистон билан турли соҳалардаги муносабатни ривожлантириш тарафдори экани, халқларимизга хос тарихий ва маданий муштараклик ўзаро алоқани янада чуқурлаштиришга асос бўлиб хизмат қилиши таъкидланди. Ҳамкор томон ўзаро ташрифларни фаоллаштириш икки томонлама муносабат ривожига салмоқли ҳисса қўшишини қайд этди.

Иккала давлатнинг мавжуд салоҳияти ва имкониятини ишга солиш, транспорт-логистика, банк-молия, туризм каби йўналишларда қўшма лойиҳалар амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув якуни бўйича парламентлараро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида мунтазам мулоқотни давом эттиришга келишилди.

Халқларни бир-бирига яқинлаштириш мақсадида маданий-гуманитар алоқани фаоллаштиришга эътибор қаратилди. Зеро, Ўзбекистон ва Ўмон халқларини анъанавий мустаҳкам дўстлик риштаси боғлаб туради, маданий тадбирлар эса руҳияти ва анъанаси жуда яқин халқлар муносабатини ривожлантиришга хизмат қилади.

Учрашувда гендер тенглик, ҳудудлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқани мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар доирасида шерикликни ривожлантиришга келишиб олинди.