Йўл интизомига риоя этмайдиган пиёдалар учун жавобгарликни оғирлаштириш, юк автомобилларида йўлнинг четки чап қаторида ҳаракатланганлик учун, скутер, мопед, велосипед бошқариш жараёнида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликлар белгиланмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Мажлисда ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаевнинг таъкидлашича, амалдаги қонунчиликда аниқ муддат кўрсатилмагани боис автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги ҳолатлари бир неча кун ёки ойлардан кейин ижрога келиб тушмоқда. Бу эса фуқароларнинг ушбу қоидабузарликларни тан олмаслиги ёки тўпланиб қолган жарималарни тўлашга қийналиб қолишига олиб келмоқда.

Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси билан автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилгани қайд этилган ҳолларда транспорт воситасининг мулкдори тўғрисида маълумот мавжуд бўлмаса, шунингдек, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилишига оид маълумотлар жарима солиш тўғрисида қарор чиқаришга ваколатли бўлган мансабдор шахсга 48 соат ичида юборилмаган бўлса ҳамда 15 кун ичида жарима солиш тўғрисида қарор чиқарилмаган бўлса, ишни кўриб чиқишни тугатиш белгиланмоқда.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 17/1-моддасига тез тиббий ёрдам ва ёнғин-қутқарув бўлинмалари транспорт воситалари томонидан содир этилган қоидабузарликлар юзасидан юритилган маъмурий ишларни ортиқча қоғозбозликдан воз кечган ҳолда тугатиш тартибини жорий этиш белгиланмоқда. Вазир ўринбосари қайд этганидек, 2020, 2023 йилларда ушбу хизмат воситалари билан боғлиқ 20 минг 596 та қоидабузарлик ҳолати қайд этилган. Шундан 10 минг 444 таси тугатилган, 10 минг 173 тасида жарималар қўлланилган.

Лойиҳадаги яна бир масала. Амалдаги йўл қоидаларига кўра, юк автомобилларига чапга қайрилиш ва бурилиш учунгина йўлнинг четки чап қисмини эгаллашга рухсат берилган, қолган вазиятларда тақиқланган. Қонун лойиҳасига кўра, юк автомобилларида йўлнинг четки чап қаторида ҳаракатланганлик, қарама-қарши йўналишдан тўғрига ёки ўнгга ҳаракатланаётган транспорт воситаларига йўл бермаганлик учун жавобгарлик киритилмоқда.

Бундан ташқари, лойиҳада кичик ҳажмли электр двигателли транспорт воситалари ҳамда индивидуал ҳаракатланиш воситалари — скутер, мопед, велосипед ҳайдовчи, индивидуал ҳаракатланиш воситасини, уловли аравани бошқариб борувчи шахс томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда.

Таъкидланганидек, йўл интизомига риоя этмайдиган пиёдалар сони ҳам кескин ортмоқда. 2023 йилда 300 мингдан ортиқ йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатлари қайд этилган. Шу боис қоидабузар пиёдаларга ҳам жавобгарликни оғирлаштириш назарда тутилмоқда.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини, йўл-транспорт ҳодисаларининг олди олиниши ҳамда йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш орқали фуқароларнинг қонуний манфаатлари самарали ҳимоя қилинишига хизмат қилади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА