Ҳозирги глобаллашув жараёнида жиноятчилик бир локал чегара доирасидан ўтиб, дунё бўйлаб кенг тарқалмоқда. Шу билан бирга, жиноятчилар томонидан жиноятни содир этишда фойдаланадиган янги воситалар ва турли молиявий схемалардан дунёнинг бир чеккасида фойдаланилса, қисқа муддатда дунёнинг бошқа чеккасида қўлланилиб, жиноятлар содир этилмоқда.

Шунга кўра, суд экспертиза тадқиқотлари билан шуғулланувчи ташкилотлар доимий илмий изланишда бўлиши, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда фуқароларнинг талаб ва эҳтиёжини қаноатлантириш мақсадида янги экспертиза тадқиқотлари, замонавий технологияларни амалиётга тадбиқ этиш ҳамда суд экспертлари малакасини янада ошириш чораларини кўриши, ўз фаолиятларини замон талабларига мос халқаро стандартларга мувофиқлаштириб бориши муҳим ҳисобланади.

Бу борада эса, соҳавий халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш орқали суд экспертиза фаолияти олдида турган янги муаммоларни тезкор ҳал этиб бориш бугунги кунда жуда долзарб ҳисобланади.

Шунга кўра, сўнгги йилларда барча соҳалар қатори суд-ҳуқуқ тизимининг муҳим бўғинларидан саналган суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш борасида ҳам ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Президентнинг тегишли фармон ва қарорлари асосида соҳадаги норматив ҳужжатлар янада такомиллаштирилиб, суд эксперти кадрларининг касбий малакасини ошириш, соҳани замонавий, юқори аниқликдаги таҳлил воситалари билан жиҳозлаш, суд экспертизаси жараёнига адвокатлар ҳамда нодавлат суд экспертлари иштирокини таъминлаш орқали одил судловни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг 18-19 апрель кунлари Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспетиза маркази томонидан БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятга қарши курашиш бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Халқаро ҳамкорликнинг суд экспертизани такомиллаштириш ва ривожлантиришдаги ўрни” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда шулар хусусида тўхталиб ўтилди.

Тадбирни ўтказишдан мақсад суд экспертизаси соҳасида халқаро ҳамкорликнинг ўрни ва уни янада ривожлантириш истиқболлари, халқаро суд-экспертиза ташкилотларининг илғор тажрибани жорий этиш институти сифатидаги аҳамиятини муҳокама қилиш, бу борада уни янада такомиллаштириш мақсадида тавсиялар ишлаб чиқиш учун мунозара майдонини яратиш, республикада суд экспертизаси соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисидаги маълумотларни хорижий ҳамкорлар эътиборига етказиш бўлди.

Ўзбекистон Республикаси суд экспертизаси ташкилотлари ва халқаро ташкилотлар, шунингдек, хорижий давлатларнинг эксперт муассасалари ўртасида халқаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича самарали таклифлар ишлаб чиқиш белгиланган.

Анжуман давомида конференция иштирокчилари юртимизда давом этаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Бўстонлиқ туманида жойлашган “Олмос” конвенсион марказида ташкил этилган “Адолат боғи”га кўчат экишди.

“Адолат боғи”га адлия вазири Акбар Тошқулов, Суд экспертиза халқаро ассоциацияси президенти Янко Колев, Осиё суд экспертиза тармоғи (AFSN) вице-президенти Ҳалимаҳ бинти Абдул Раҳим хоним, АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Хеник ва бошқа хорижий экспертлар томонидан дарахтлар экилди.

Бундан ташқари, суд экспертиза имкониятларини очиб берувчи ихтисослаштирилган асбоб-ускуна ва жиҳозларнинг кўргазмаси ўтказилди. Шунингдек, кўргазма жараёнида ЙТҲ воқеа жойини кўздан кечириш жараёни тақдимот тарзда намойиш этилди.

Конференция давомида адлия вазири Акбар Тошқулов Суд экспертиза халқаро ассоциацияси президенти доктор Янко Колев, Осиё суд экспертиза тармоқлари вице президенти Ҳалимаҳ бинти Абдул Раҳим хоним, Туркия Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд тиббиёт институти президенти Хизир Аслиюксеклар ҳамда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хениклар билан икки томонлама учрашув ўтказди. Ўзаро ҳамкорликни янада такомиллаштириш, суд экспертларининг малакасини ошириш, биргаликда янги суд экспертиза тадқиқотларини олиб бориш ва соҳани ривожлантириш бўйича келишиб олинди.

Шу билан бирга, конференциянинг иккинчи кунида Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказида суд экспертлари учун Хорижий мутахассислар иштирокида “Рақамли суд экспертизасининг янги тенденциялари” ва “Суд экспертизасида ДНК таҳлили усулларининг долзарблиги” мавзулари бўйича мастер-класслар ўтказилди.

Қайд этилишича, давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг 2021 – 2025 йилларга мўлжалланган концепцияси ва унинг ижросини таъминлаш мақсадида 2021 – 2023 йилларда амалга ошириладиган ишлар юзасидан “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Бунда “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилди.

2022 йилда қабул қилинган тегишли қонун билан мамлакатимизда илк бор иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий иш юритишда адвокатга давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларида шартнома асосида адвокат сўрови билан экспертиза ўтказиш ташаббуси ҳуқуқи берилди. Бу ўз навбатида судда тортишув институти тўлақонли таъминланишига асос бўлиб хизмат қилади.

Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказида суд экспертларининг малакаси ва ҳуқуқий билимларини замон талаблари даражасида ошириш мақсадида ўқув маркази фаолияти йўлга қўйилган. Ўқув марказида давлат суд экспертларининг ҳуқуқий билимларини ошириш, янги ташкил этилаётган нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари экспертларини ҳам қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш ишлари амалга оширилмоқда. Бундан ташқари ўқув марказида “Электрон таълим платформаси” ахборот тизими жорий қилиниб, суд экспертларини ишдан ажралмаган ҳолда масофавий ўқитиш ишлари ҳам ташкил этилган.

Бундан ташқари, суд-экспертиза соҳасида дуал таълим принципи бўйича суд эксперт кадрларни қайта тайёрлаш бўйича янги тартиб жорий этилди.

Фармон асосида республикамиз тарихида илк маротаба марказда Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институти фаолияти ташкил этилиб, Марказ ҳузурида юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларини берувчи Илмий кенгаш тузилди. Илмий кенгашда “Жиноят процесси. Криминалистика, тезкор-қидирув ҳуқуқи ва суд экспертизаси” ихтисослиги бўйича диссертациялар ҳимоясини ўтказишга рухсат берилди.

Шу билан бирга, Ҳукуматнинг тегишли қарори билан давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан шартнома асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ ўтказилиши мумкин бўлган 51 турдаги суд экспертизаси тадқиқотлари рўйхати тасдиқланди. Мазкур янгилик жисмоний ва юридик шахсларга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришда суд экспертиза имкониятларидан кенг фойдаланиш имкониятини яратади.

Бундан ташқари, суд экспертларининг фаолиятини рейтинг тизимида баҳолаб бориш тартиби белгиланди, шунингдек, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолияти йўлга қўйилди.

Суд-экспертиза фаолиятига замонавий ахборот коммуникация технологияларига асосланган “Суд экспертизалари ҳисоби тизими” жорий этилиб, аҳолига суд-экспертлик соҳасига доир маълумотларни тезкор етказиш мақсадида “sudexpert.uz” ахборот портали, экспертиза учун тақдим этилган ашёвий далилларни идентификациялаш дастури фаолиятга татбиқ этилди.

Суд экспертлари ва экспертиза тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, уларга ишлов бериш жараёнларини компьлекс автоматлаштириш, экспертиза ҳаракатларини амалга оширишга алоқадор ташкилотлар билан ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлашга мўлжалланган “E-ekspertiza” электрон ахборот тизими ишга туширилди.

Мазкур электрон тизим ишга тушиши натижасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар ва суд экспертиза муассасаларининг ўзаро ҳужжат айланишида ва уни хавфсизлигини таъминлашда ижобий натижаларга эришилмоқда.

Самарқанд вилоятида Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси ва Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораториялари, Хоразм ва Фарғона вилоятларида эса Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси лабораториялари ишга туширилди.

Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси лабораторияси Марказ таркибида 2000 йилда Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб ўз фаолиятини бошлаган бўлса, ҳозирги кунда ҳам мамлакатимизда ягона ушбу турдаги тадқиқотларни ўтказадиган лаборатория ҳисобланади.

Ҳозирда мазкур лабораторияда суд генетик ДНК экспертизаси тадқиқотларида номаълум шахсни идентификация қилиш, турли жиноят ишлари бўйича тақдим этилган ашёвий далилдаги биоматериални айнан кимга тегишли эканини аниқлаш, биологик ота-оналик факти, Y-хромосома тадқиқотлари орқали ота авлод бўйича ўзаро биологик қариндошликни аниқлаш ва биоматериалнинг жинс мансублигини аниқлаш каби вазифалар ҳал этилмоқда.

ДНК таҳлилларидан янада кенг ва самарали фойдаланиш учун айрим тоифадаги шахсларнинг, хусусан потенциал жиҳатдан жиноятларни содир этишга мойиллиги бўлган шахслар ДНК профилларининг маълумотлар базаларини яратиш мақсадида Марказда “DNA эxpert” автоматлаштирилган дастурий комплексидан иборат бўлган ДНК маълумотлар базаси ишлаб чиқилган. Ҳозирда лаборатория маълумотлар базасига бир неча туркумлар бўйича жами 40 мингдан зиёд генотиплар киритилган.

Сўнги беш йил ичида ушбу база ёрдамида нафақат бизнинг мамлакатимизда, балки яқин хориж давлатларида шахсга қарши оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этган ўта хавфли жиноятчиларнинг ҳамда шахси номаълум мурдаларнинг шахси аниқланди.

ЎзА