Сенат Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича ишларнинг бориши билан танишиш ва аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш мақсадида ҳудудларга ташриф буюрмоқда.

Ишчи гуруҳнинг Қашқадарё вилоятига ташрифида ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожи, аҳоли турмуш фаровонлиги, “маҳалла еттилиги” ҳамда маҳаллий кенгашлар фаолияти билан яқиндан танишилди.

Т.Норбоева Косон туманида Халқ депутатлари Косон ҳамда Муборак тумани кенгаши депутатлари билан учрашувда асосий эътибор мамлакатимиз Президентининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонидан келиб чиқадиган вазифаларга қаратилди. Хусусан, маҳаллий кенгашлар фаолияти самарадорлигини оширишда депутатлик назорати институтидан самарали фойдаланиш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси устидан таъсирчан депутатлик назоратини ўрнатиш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Шу билан бирга, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва бартараф этишда “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликни кучайтириш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Қарши тумани “Ертепа” маҳалла фуқаролар йиғинида “маҳалла еттилиги” билан ўтказилган учрашувда аҳолининг иқтисодий ҳолатини яхшилаш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалладаги муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишда ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди.

Аҳоли, айниқса, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат фаолиятини кенгайтириш истагидаги аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва тизимли ҳал этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди. Жумладан,  аёлларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш мақсадида молия муассасалари томонидан бизнес лойиҳалар тайёрлангани, уларни амалиётга татбиқ этиш учун кредит маблағлари ажратилиши айтиб ўтилди.  Бундан ташқари, ишлаш истагидаги аёлларни кооперация асосида тадбиркорларга бириктириш бўйича тавсиялар берилди.

Косон тумани “Месит” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “маҳалла еттилиги” билан ўтказилган суҳбат жараёнида Сенат Раиси хотин-қизлар бандлигини таъминлаш йўналишида банклар билан йўлга қўйилган ҳамкорлик, биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди. Ижтимоий хизматларни маҳалла даражасида ташкил этиш, ижтимоий ходимнинг аҳоли билан манзилли ишлаши лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Т.Норбоева “Ўрта Оброн” маҳалла фуқролар йиғини Ёшлик кўчасида турар-жой билан таъминланган эҳтиёжманд оилаларнинг турмуш шароитлари, бандлик даражаси билан қизиқди, улар билан самимий суҳбат қилди. Ушбу оилаларнинг даромад манбаларини ошириш юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берди. Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича ишлар ҳолати танқидий муҳокама қилинди.

Амалий ташриф доирасида Касби туманининг Қамаши қишлоғидаги Обод маҳалла марказида вилоятнинг туман ва шаҳарлари ҳокимлари ўринбосарлари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиқлари ҳамда тижорат банклари вакиллари билан мулоқот ўтказилди. Унда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги  “Қирсадақ” маҳалласи намунаси асосида ишлаб чиқилган янги тизимни Қашқадарё вилоятида йўлга қўйиш борасида амалга оширилган ишлар танқидий муҳокама қилинди.

Бунда, ишсиз, ишлаш истагидаги хотин-қизларни уларнинг имконият ва эҳтиёжларини аниқлаш ишлари суст олиб борилаётгани қайд этилиб, уларни бартараф этиш юзасидан вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, хонадонбай ўрганиш ишларига тижорат банкларини ва мутасадди ташкилот вакилларини жалб этиш лозимлиги таъкидланди.

Ўрганиш натижаларидан келиб чиққан ҳолда ишсиз ва даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш истагидаги хотин-қизларни мавжуд бўш ҳамда янги яратилган иш ўринларига ишга жойлаштириш, жамоат ишларига жалб қилиш орқали бандлигини таъминлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Ўрганишлар давомида аниқланган тиббий, психологик, ижтимоий ёрдамга муҳтож хотин-қизларга манзилли ёрдам кўрсатиш, ижтимоий ёрдамга муҳтож аёлнинг муаммоси тўлиқ ҳал этилгунга қадар унинг назоратини йўлга қўйиш ва зарур ҳолда қўшимча ёрдам кўрсатилишини таъминлаш лозимлиги алоҳида қайд этилди.

Ташриф доирасида вилоятдаги қатор корхоналар фаолияти билан ҳам яқиндан танишилди.  Касби туманидаги лойиҳа қиймати 2,2 миллион доллар бўлган «SULTON TEX GROUP» хусусий корхонасида айни пайтда 500 нафар иш ўрни яратилган.

Косон тумани Месит маҳалласидаги “Бунёдкор” пахта-тўқимачилик кластерига тегишли тикувчилик корхонасида пахта етиштириш ва уни чуқур қайта ишлашнинг тўлиқ саноат «занжири» яратилган. Туркия ва Италиядан келтирилган ускуналар билан жиҳозланган мазкур корхона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқармоқда. Юқори сифатли кийим-кечаклар экспортга ҳам йўналтирилмоқда.

320 нафар иш ўрни яратилган корхона мутасаддилари ва ходимлари билан суҳбат жараёнида ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган аёлларни иш билан таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди.

Қарши шаҳридаги «Буюк Турон» кичик саноат зонаси Сенат Раисининг  навбатдаги ташриф манзили бўлди. Бу ерда «S-Smart» бренди остида сўнгги авлод телевизорларини ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишилди. Воҳада ягона бўлган корхона маҳсулотлари маҳаллий бозорда талабгор бўлиши билан бирга, хорижга ҳам экспорт қилинмоқда. Бу ерда хотин-қизларнинг электроника соҳасида ишлаётгани ва маҳалла ёшлари ҳам иш билан таъминлангани алоҳида эътироф этилди. Шунингдек,  шу каби корхоналар кўпайса, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий шароити янада яхшиланиши таъкидлаб ўтилди.

Сенат Раиси Қашқадарё вилоятига амалий ташрифи доирасида оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш йўналишида воҳада амалга оширилаётган ишлар билан бевосита танишди. Хусусан, Қарши шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё вилояти филиалида бўлиб, муассаса фаолияти билан танишди, шифокор ва беморлар билан суҳбатлашди.

Шифоркорлар билан кечган мулоқот жараёнида оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, хотин-қизлар ва уларнинг репродуктив саломатлигини тиклаш, эрта туғруқларнинг олдини олиш, дунёга келган ва туғилажак гўдаклар ва уларнинг оналарига малакали тиббий хизмат кўрсатиш борасида марказ ва унинг туманлардаги филиалларида олиб борилаётган ишлар танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди.

Вилоятда 2023 йилда 95,2 минг нафар ҳомиладор рўйхатга олиниб, 102,3 минг туғруқ қайд этилган бўлса, 7 мингга яқин ҳомиладорлар бирламчи тиббий муассасада ҳисобга турмасдан туғруқ муассасаларига борган.

Суҳбат давомида оналар ва болалар саломатлиги учун масъул бўлган соҳа ходимлари олдида турган вазифаларга тўхталиб ўтилди. Хусусан, бирламчи тиббиёт-санитария ёрдами муассасаларида “тиббиёт бригадалари” ўзларига бириктирилган ҳудудларда ҳомиладор аёлларни аниқлаши, уларни ҳисобга олиш ва даврий тиббий кўрикдан ўтишини ташкил этиши, ҳомиладор аёллар ҳолатини доимий мониторинг қилиб бориш, туғуруқдан кейинги даврда она ва боланинг даврий патронажини олиб бориши лозимлигини таъкидлади.

Умуман, тиббиёт муассасаларида ўтган мулоқотлар жарёнида даволаш ишларига илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, замонавий тиббий технология ва методологияларни жалб қилиш, тиббиёт ходимларининг доимий равишда малака ва кўникмаларини ошириб бориш, бунда илғор хорижий тиббиёт муассасалари билан ўзаро тажриба алмашиш масалаларига эътибор қаратиш бўйича тавсиялар берилди.

Сенат Кенгашининг навбатдаги сайёр мажлиси Қашқадарё вилоятида ўтказилди ва унда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда аҳолини сифатли ижтимоий хизматлар билан таъминлаш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижроси муҳокама қилинди.

Сўзга чиққанлар вилоятда ушбу йўналишда қатор натижаларга эришилганини алоҳида таъкидлади.

Хусусан, кейинги 7 йилда Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш натижасида ялпи ҳудудий маҳсулот 1,3 баробарга, саноат ишлаб чиқариши 1,5 баробарга, қурилиш ишлари 1,5 баробарга ва хизматлар 1,9 баробарга ошган.

Ушбу даврда 5,2 минг км. ичимлик суви тармоқлари тортилиши натижасида ичимлик суви таъминоти 29,8 фоиздан 59,4 фоизга етказилган. 7,7 минг км. узунликдаги таъмирталаб йўллар ҳолати яхшиланди, 480 га яқин кўп қаватли уйлар қурилиб фойдаланишга топширилган.

2023 йилда инвестиция дастурлари доирасида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш бўйича 836 миллион долларлик 1 минг 340 та лойиҳа ишга туширилган. 377 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилган.

Маҳаллийлаштириш дастури бўйича 391,6 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи  25 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилган. Ҳудудий бандлик дастури доирасида доимий, вақтинчалик ва мавсумий иш ўринларида ўтган йилда 474 минг аҳолининг бандлигини таъминлашга эришилган.

Муҳокама жараёнида сенаторлар ҳудудда амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга айрим камчиликлар ва ўз ечимини кутаётган муаммоларга ҳам эътибор қаратди. Хусусан, иқтисодий ўсишни таъминлаш, инвестицияларни жалб қилиш, экспорт прогнози кўрсаткичлари ижросини таъминлашда айрим туманларда ишлар етарли даражада ташкил этилмаган. Жумладан, 2023 йилда Деҳқонобод туманида саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, Китоб, Миришкор, Ғузор ва Қарши туманларида эса асосий капиталга инвестициялар ҳажмида ўсиш суръатлари таъминланмаган. Экспорт прогнози кўрсаткичлари Муборак, Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманларида атиги 50-55 фоизга бажарилган.

2023 йилда якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолиятини бошлаган 7,5 мингта субъектнинг 36 фоизи фаолиятини тўхтатиб қўйган. Ушбу кўрсаткич Китоб, Косон, Кўкдала ва Чироқчи туманларида юқори. Бу ҳолатнинг сабаби таҳлил қилиниб тегишли чоралар кўрилмаган.

Бўш турган давлат объектларига тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш ишлари самарадорлиги ҳам паст. Аукцион савдоларига чиқарилган 130 га яқин бўш турган бинолар 3 ойдан ортиқ вақт мобайнида сотилмаган. Жорий йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, солиқ тўловчиларнинг бюджет олдидаги муддати ўтган қарздорлиги ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15 фоизга ошган.

Мажлисда сенаторлар томонидан вилоятда хизматлар соҳасини янада ривожлантириш, паст қувватда ишлаётган саноат корхоналари билан ишлаш, инвестициялар жалб қилиш, экспорт ҳажмини ошириш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, муқобил энергияни жорий қилиш, сув тежовчи технологияларнинг ўрнатилиши юзасидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда йўл қўйилган камчиликлар масъул вазирлик ва идораларга кўрсатиб ўтилди ҳамда қатор таклифлар билдирилди. Маҳаллий бюджет даромадлари барқарорлигини таъминлашда иқтисодий комплекс раҳбарларининг масъулиятини ошириш, фаолияти тўхтаб қолган тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирларни қабул қилиш, ишсиз хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш ҳамда бу борада мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш шулар жумласидандир.

Н.Абдураимова, ЎзА