Аввал хабар берганимиздек, шу кунларда ўзбекистонлик бир гуруҳ журналистлар Озарбайжонда бўлиб турибди. Хизмат сафари иккинчи куни ҳамюртларимиз Ганжа шаҳрига борди.

Озарбайжоннинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Арран тарихий-жўғрофий вилояти маркази бўлган бу кент Боку шаҳридан 360 километр масофада жойлашган. Тахминан милодий VI асрда асос солинган шаҳарда минг киши истиқомат қилади, ўзбек оилаларининг сони юздан ошган.

Кўп асрлик ўтмиши давомида Ганжада Озарбайжоннинг миллийлиги акс этган ўнлаб тарихий-меъморий ёдгорликлари бунёд этилган.

Мамлакатимиз ОАВ вакиллари Ўзбекистоннинг ушбу ҳудудда очилган илк фахрий консуллигига ҳам ташриф буюрди. Ваколатхонанинг расман очилиши 19 апрель куни шаҳар ижро ҳокимияти раҳбари Ниёзий Байрамов, шу ерда жойлашган Туркия ва Грузия консулликлари раҳбарлари, ишбилармон доиралар, фан ва жамоатчилик вакиллари, маҳаллий ОАВ ходимлари иштирокида бўлиб ўтди. Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги биринчи фахрий консули этиб Кянан Жалилов тайинланди.

Таъкидлаш жоиз, ушбу воқеа икки қардош мамлакат ва халқ ўртасидаги ўзаро манфаатли шериклик муносабатини янада чуқурлаштириш учун ажойиб имкониятдир.
Фахрий консуллик фуқароларимиз ҳуқуқи манфаатини ҳимоя қилиш, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий сайёҳларни мамлакатимизга жалб қилиш, маданий-гуманитар алоқани ривожланиришга хизмат қилади.

Ташриф давомида ҳамкасбларимиз XII асрнинг дунёга машҳур шоири Низомий Ганжавий мақбарасини ҳам зиёрат қилди. Мажмуа 1947 йил барпо этилиб, 1991 йил қайта қурилган, 2011-2012 йилларда реконструкция қилинган. Қизил гранитдан ясалган, тепаси гумбаз билан қопланган, атрофи боғ билан ўралган маҳобали иншоот шаҳарга шарқий томондан кираверишда жойлашган.
Низомий Ганжавий тахаллуси билан ижод қилган, тахминан 1141-1209 йиллари яшаб ўтган буюк озар хамсашунос адиби Шайх Илёс ибн Юсуф “Хамса” асарида қаламининг юксак маҳорати ила юксак ахлоқий-фалсафий қарашларини ифода этган.

Унинг номидаги мақбара ажойиб зиёратгоҳ, туризм маскани сифатида кўплаб сайёҳлар, шеърият ва тарих ихлосмандларини ўзига жалб қилиб келади. Мажмуа таркибидаги музейда Низомий асарларининг барча нашрлари, унинг китобларига ишланган суратлар, қадимий миниатюра ва гиламлар сақланади.

Азиза Алимова,

ЎзА мухбири

Боку, Озарбайжон