Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” кўргазмалар мажмуасида энг йирик минтақавий тадбирлардан бири – “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.

Тўртинчи бор ташкил этилган мазкур тадбир минтақа давлатларида савдо-саноат кооперациясини ривожлантирадиган муҳим воқеа, қатор муаммоларни ҳал этиш, жумладан янги саноат технологияларини оммалаштириш ва корхоналар шериклигини йўлга қўйишга кўмаклашадиган муҳим платформадир.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги ҳамкорлигида уюштирилган кўргазма “Марказий Осиёда саноат кооперацияси: минтақавий йўналиш” мавзусидаги ялпи мажлис билан бошланди. Йиғилишни Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ҳамда РФ Бош вазири ўринбосари, саноат ва савдо вазири Денис Мантуров очиб берди.

Қайд этилганидек, сўнгги бир неча йил ичида олиб борилган тизимли саъй-ҳаракатлар туфайли Марказий Осиё бутун дунёдан йирик сармоядорлар жалб қилинаётган ҳудудга айланди. Минтақамизнинг юқори малакали ёшларидан тортиб, ноёб технологик меросигача бўлган иқтисодий базаси барқарор ривожланиш учун қудратли старт майдончаси сифатида эътироф этилмоқда.

Ўзбекистон ва Россия стратегик иқтисодий шериклиги йил сайин ривожланмоқда. РФ капитали умумий ҳажми 13 миллиард доллардан ошган республикамизда 3000 дан ортиқ Россия билан қўшма корхоналар фаолият кўрсатмоқда, Россияда эса Ўзбекистон резидентлари иштирокида 600 дан кўп компания рўйхатга олинган. Саноат кооперацияси, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, минтақалараро савдо ва бошқа жабҳаларни қамраб олган кенг кўзламли иқтисодий ҳамкорлик дастури амалга оширилиши натижасида 2023 йил умумий савдо ҳажми 10 миллиард долларга етди.

Мазкур йирик кўргазма ҳам давлатларимиз ўртасидаги иқтисодий алоқани янада ривожлантириш, ишбилармон доира вакиллари ҳамкорлигини чуқурлаштириш учун муҳим майдон ҳисобланади.

Бу гал Тошкентда 10 мингдан кўп иштирокчи, 450 га яқин хорижий компания ва 27 давлатдан делегация тўплангани анжуманга қизиқиш тобора ортаётганидан далолат.

– Кўргазмага металлдан ясалган мебель ва юк машинаси учун эҳтиёт қисмлар билан иштирок этяпмиз, – дейди “Электра”  компанияси бош директори  Илья Полетаев. – Маҳсулотларимизга қизиқиш юқори. Ўзбекистонлик бир неча тадбиркор билан ҳамкорлик юзасидан келишиб олдик. МДҲ давлатлари ишбилармон доира вакиллари билан мулоқот ўтказяпмиз, фикр ва тажриба алмашяпмиз, жуда кўп янгиликлардан баҳраманд бўляпмиз. Эътироф этиш керак, тадбир жуда юқори савияда ташкил этилган. Бу икки давлат иқтисодиёти учун ҳам муҳим воқеа.

Халқаро ва ҳудудлараро муносабат изчил ривожланиши ҳам кузатилмоқда. Очиқ савдо, инвестиция, транспорт коммуникацияси майдони шаклланмоқда, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда, ҳудудлар аро, маданий-гуманитар алоқа алоқа кенгаймоқда.

Металлургия, энергетика, нефть-кимё, фармацевтика ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга ошириш келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланди. Шу билан бирга қишлоқ хўжалигида кооперацияни ривожлантириш истиқболи алоҳида таҳлил қилинди. Бунда инновацион қишлоқ хўжалиги технологияси, қайта ишлаш корхоналари, маҳсулот сақлаш терминали ва ривожланган логистика тизимига эга қўшма агросаноат кластерлари ташкил этиш назарда тутилди.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистонга инвестиция киритиш, лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш ва ривожлантириш, шунингдек бошқа давлатлар бозорига экспорт қилиш учун яратилган кенг имкониятдан фойдаланиш бўйича яратилган қулай шароит эълон қилинди.

Тўқимачилик саноатида ҳамкорликни фаоллаштириш зарурлигига ҳам эътибор қаратилди. Ишлаб чиқарувчи ва чакана сотувчиларга ўзаро манфаатли фьючерс шартномаси тузиш имконини берувчи электрон савдо майдончаси яратиш истиқболли экани қайд этилди. Тўқимачилик корхоналари маҳсулотлари намойиш қилинадиган доимий қўшма кўргазмалар ташкил этиш ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этиши мумкин.

Ялпи мажлис якунида масъуллар павильонларни кўздан кечиришди, хорижий делегациялар вакиллари етакчи ишлаб чиқарувчилар томонидан тақдим этилган турли инновацион маҳсулотлар билан танишди.

Биринчи кун дастурида “Марказий Осиёда саноат кооперацияси: ҳудудларга эътибор”, “Алюминий ечими асосида тармоқлар аро интеграция”, “Нефть ва газ саноатида технологик ҳамкорлик: энг яхши амалиёт, кадрлар, инвестиция”, “Яшил чироқ: экологик тоза транспорт ривожи тизимни ва туризм саноатини қандай ўзгартирмоқда?” каби мавзуларида мунозара бўлиб ўтди.

Кўргазма доирасида B2B форматидаги учрашувлар ҳам ўтказилиб, иштирокчилар мустаҳкам алоқа ўрнатиш, янги лойиҳалар ва келгуси ҳамкорлик истиқболини муҳокама қилишди.

24 апрелгача давом этадиган мазкур нуфузли тадбирда Ўзбекистон, Россия, Хитой, Беларусь, Қозоғистон давлатлари миллий стендлари, 60 га яқин компания экспозицияси, ҳудудлар бурчаклари намойиш этилмоқда.

Гўзал Сатторова,

Носиржон Ҳайдаров (сурат),

ЎзА