22 апрель куни пойтахтимизда “Бутунжаҳон Ер куни”га бағишланган халқаро семинар бўлиб ўтди. Тадбир Марказий Осиёда сув ресурсларини бошқариш халқаро институтининг (IWMI) Ўзбекистондаги ваколатхонаси, “Сирдарё” сув ҳавзаси бирлашмаси, Экоҳаракат ҳамда Олий Мажлис Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Иқлим ўзгаришининг сув ресурсларига таъсири муҳокама қилинган семинарда маҳаллий ва хорижий мутахассисларнинг мавзу юзасидан маърузалари тингланди. Ўзбекистон экологик ҳаракати Марказий кенгаши Ижроия кўмитаси раиси, сенатор Борий Алихонов мамлакатимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, Орол фожеасининг минтақага таъсири хусусида тўхталиб ўтди.

Семинарда таъкидланганидек, сув танқислиги ер деградацияси ва қурғоқчилик жиддий иқтисодий, ижтимоий ҳамда экологик муаммо бўлиб, дунё мамлакатларида озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солмоқда. Маълумотларга кўра, тахминан 100 йилда атиги 0,5-2 см. унумли тупроқ қатлами ҳосил бўлади. Бундай қатламни сув эрозияси 20-30 йилдаёқ ювиб кетиши мумкин.

Ўзбекистон ўзига хос иқлим шароити сабабли тупроқ шўрланиши, кўчиб юрувчи қумларнинг тарқалиш хавфи, чанг бўронлари ва қурғоқчилик муаммоларига дуч келмоқда. Қишлоқ хўжалигида яроқли ер майдонларининг камлиги ер-сув манбаларидан фойдаланишнинг самарадор янги йўналишларини излаб топишни тақозо этади. Шу боис аграр секторда сув тежайдиган технологияларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Тадбирда Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиё трансчегаравий дарёлари ҳавзасидан самарали сув тақсимоти” WE-ACT лойиҳасининг асосий вазифалари, устувор йўналишлари ва мақсадлари муҳокама қилинди. Ушбу лойиҳа Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёлар ҳавзаларида сув тақсимоти учун иқлимга сезгир қарор қабул қилиш тизимини яратишни таклиф қилади.

Тадбир иштирокчилари Сирдарё, Норин ва Қорадарё сув ҳавзалари мисолида трансчегаравий дарёлар сув ҳавзаларида сув ресурсларининг интеграцияланган бошқарувини ташкил этиш бўйича тўпланган тажриба билан таништирилди.

Шунингдек, семинар давомида Марказий Осиё минтақасида трансчегаравий сув ҳамкорлигини янада ривожлантириш, Сирдарё ҳавзасида сув ресурсларини самарали тақсимлаш, сув ресурсларини бошқаришнинг молиявий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Анжуман иштирокчилари Марказий Осиёнинг тоғли ҳудудлари иқлим ўзгариши таъсирига кўпроқ учрашини алоҳида таъкидлади. Шу муносабат билан сувни жамият ва иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ўртасида тақсимлаш, сув тарифларини тўғри белгилаш, қишлоқ хўжалиги ва энергетикада сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича тўғри қарорлар қабул қилиш зарур.

Бироқ, ҳозирда иқтисодиётнинг жадал ривожланиши ва аҳоли сонининг ўсиши, шунингдек, Марказий Осиёнинг асосий трансчегаравий дарёлари ҳавзаларида гидрологик режимларнинг иқлим таъсирида ўзгариши туфайли бу тобора мураккаб вазифага айланиб бормоқда.

Семинар иштирокчилари гуруҳларга бўлинган ҳолда олиб борилган ишлар натижаларини, келгусида амалга ошириладиган чора-тадбирларга оид масалаларни муҳокама қилди.

 Муҳтарама Комилова, ЎзА