Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ Бошқаруви ва Кичик бизнесни ривожлантириш жамғармаси раҳбарияти, Ямагата университети вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

“Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури доирасида республикамиздаги 10 минг нафар тадбиркор Япония тажрибаси асосида ўқитилади ва менторлар тайёрланади.

Матбуот анжуманида қайд этилишича, “Бизнесни ривожлантириш банки” ушбу дастурни самарали амалга ошириш ва уни доимий равишда такомиллаштириб бориш бўйича асосий таянч банк сифатида белгиланган.

Дастурга асосан ташаббускорларнинг бизнес кўникмаларини шакллантириш йўналишидаги қисқа ва ўрта муддатли амалий ўқув курслари банк қошидаги “Кичик бизнесни ривожлантириш жамғармаси” томонидан ҳудудларда ташкил этилган 14 та “Кичик бизнесга кўмаклашиш марказлари”да олиб борилади.

Курслар демаинд асосида май ойи охиридан бошланади. Курсларда ўқиш тадбиркорлар учун бепул ва 100 фоиз япон мутахассислари томонидан ўзбек тилида амалга оширилади.

Япониянинг нуфузли университети билан ҳамкорликда ўтказиладиган ўқув курсларида тадбиркорлар бизнес кўникмаларини ривожлантириш, бизнес-режани ишлаб чиқиш, лойиҳаларни молиялаштириш манбаларини топиш каби йўналишларда ўқитилади.

Шунингдек, япониялик мутахассислар кўмагида маҳаллий кадрлар орасидан менторлар тайёрланади. Келгусида “Кичик бизнесни ривожлантириш жамғармаси” томонидан тадбиркорларни ўқитиш ишлари менторлар ёрдамида ташкил этилиши режаламоқда.

Матбуот анжуманида мазкур муҳим вазифа ижросига киришишда дастлаб университет вакиллари қатор ҳудудларда бўлиб, тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилгани ва илк ташриф якунлари бўйича ҳам маълумот берилди.

Қайд этилдики, ташриф доирасида шу кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ҳамда Бухоро вилоятларида тадбиркорлар билан учрашувлар ташкил этилди. Хусусан, мазкур шаҳарлардаги Кичик бизнесга кўмаклашиш марказларида маҳаллий тадбиркорлар учун ўқув семинарлари ташкил этилиб, тадбиркорлар бизнесни бошқаришнинг япон методи билан таништирилди. Мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтиришга доир муҳим ва фойдали тавсиялар берилди.

Энг асосийси, бошланадиган асосий машғулотлар янада самарали бўлишига тайёргарликнинг муҳим жиҳатлари бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди. Бу ҳақда “Ямагата” университети профессори Тадаши Онодера ўз маърузасида журналистларга батафсил маълумот берди. Қайд этиш жоизки, тадбиркорликка ўқитиш дастурининг Леан Манагемент методикаси илк бор Ямагата университети томонидан Ўзбекистонга олиб кирмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 1949-йилда ташкил этилган Ямагата университети Япониянинг миллий университети бўлиб, жаҳондаги энг яхши 600 университетлар қаторига киради. Бу университет 18 мамлакатдаги 48 та университет ва институтлар билан ҳамкорлик қилади. У ерда фаолият юритадиган профессор олимлар АҚШнинг “Силикон водийси”даги нуфузли компаниялар, “Леново”, “Мицуи” каби корпорацияларнинг бошқаруви аъзолари ҳисобланишади.

Реклама ҳуқуқи асосида

Шаҳноза Маматуропова, Ойбек Пардаев (сурат)

ЎзА