Юртимизнинг Корея Республикаси билан ҳамкорлиги ривожланиб бормоқда. Айни жараённи янада фаоллаштириш мақсадида ҳар иккала томон ҳамкорлигининг янги истиқболларига алоҳида эътибор қаратишмоқда.

Жумладан, Корея Республикаси Кванжу шаҳрининг Квангсан-гу тумани ҳокими Пак Бюн Кю бошчилигидаги делегация мамлакатимизнинг турли ҳудудларида бўлиб, маҳаллий раҳбарлар билан мулоқотлар ўтказмоқда. Делегациянинг Самарқанд вилоятига ташрифи ҳам кўзланган мақсадлар сари яна бир дадил қадам бўлди. Меҳмонлар “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети раҳбарияти билан учрашув ўтказиб, ўзаро ҳамкорлик алоқалари истиқболларини муҳокама қилди.

– Корея делегацияси билан бўлиб ўтган самимий мулоқотимиз давомида олдимизда турган долзарб масалаларни муҳокама қилиб, келишувларга эришдик, – дейди “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети проректори Дилмурод Насимов. – Университетимиз халқаро мақомга эга бўлганлиги боис, бизда хорижий ҳамкорлар билан алоқалар алоҳида эътиборга эга. Бугунги кунда университетнинг 1 та факультети ва 3 та кафедрасида 9 та бакалавриат таълим йуналиши ва 10 та магистратура мутахассислиги бўйича 3000 га яқин талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг 62 нафари 16 давлатдан келган хорижий талабалар ҳисобланади.

Университет таркибида ўзбек, инглиз, хитой, корейс, араб, япон, форс, рус тилларида нашр қилинган 24371 та туризмга оид илмий ва ўқув адабиётлари мавжуд бўлган кутубхона ҳамда 4 та коллеж ва 6 та техникум мавжуд. Бугунги кунда университетимиз хориждаги 80 дан зиёд нуфузли олий таълим муассасаси, илмий тадқиқот марказлари ва ташкилотлари билан алоқа ўрнатган ва улар билан профессор-ўқитувчилар тажриба алмашинуви, талабалар алмашинуви, илмий конференция, семинар ва форумлар ўтказиш ҳамда халқаро таълимни ривожлантиришга кўмаклашувчи бошқа йўналишларда самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Хусусан, Кореянинг 3 та олий таълим муассасаси, Корея Маданий мерос фонди билан хамкорлик йўлга қўйилган. Бугунги учрашув давомида Квангсан-гу туманида жойлашган Хонам университети билан ҳамкорлик меморандумини имзоладик. Келишувга кўра, университетимизда корейс тили ва маданиятини тарғиб қилувчи марказ, Хонам университетида эса ўзбек тили ва маданияти тарғиботи билан шуғулланувчи марказ ташкил қилинади.

“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида ўтказилган мулоқот давомида томонлар ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш, шунингдек, ҳар икки томонда маданий марказлар ташкил қилиш, профессор ўқитувчилар талабалар алшинувини йўлга қўйиш борасида ўзаро фикр алашишди.

Хусусан, Квангсан-гу тумани ҳокими жаноб Пак Бюн Кю мулоқот давомида ўз тумани ҳақида батафсил маълумот бериб, туман Кванжу шаҳри иқтисодиётининг локомотиви эканлигини таъкидлади. Бугунги кунда туман саноат, ишлаб чиқариш соҳасида улкан салоҳиятга эга. Хориждан келиб меҳнат фаолиятини олиб бораётганларнинг 55 фоизи мазкур туманда истиқомат қилади.

Эътиборлиси, уларнинг асосий қисми ўзбекистонлик. Хонам университети тумандаги нуфузли университетлардан бири.

– 1978 йилда ташкил этилган университетимиз хусусий бўлса-да, давлат томонидан қўллаб-қувватланади, – дейди Хонам университети президенти Парк Санчхол. – Хорижликлар билан биргаликда 9 минг 200 нафар талаба қирқдан ортиқ йўналишда таҳсил олмоқда. Асосий ихтисослашуви менежмент, меҳмонхона хизмати ва туризм йўналишлари ҳисобланади. “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети билан ўзаро ҳамкорлигимиз кенг ривожланади. Чунки, бизнинг ихтисослашувимиз деярли бир хил.

Кореялик меҳмонлар ташриф давомида Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари билан ҳам яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),

ЎзА мухбирлари