Боку шаҳрида 2008 йил 11 сентябрда очилган Алишер Навоий ҳайкали  Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстлик ва  маданий ҳамкорлик рамзига айланган.

Ҳазрат Навоий нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси адабиёти, санъати ва маданиятига улкан ҳисса қўшган улуғ шоир, ёзувчи, мутафаккир ва давлат арбобидир.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан ташкил этилган амалий ташриф  доирасида делегациямиз аъзолари Озарбайжон ОАВ вакиллари билан бирга Боку шаҳридаги Алишер Навоий номли истироҳат боғига ташриф буюриб, шоир ҳайкали пойига гул қўйишди.

Озарбайжонда ўзбек халқининг тарихи, маданий меросига алоҳида ҳурмат билан қарашади.

– Ўзбекистон ва Озарбайжон бой тарихий ва маданий алоқаларга эга, Алишер Навоий ҳайкали ҳам ана шу дўстлик ва ўзбек халқи меросига ҳурматнинг ўзига хос рамзидир, – дейди маҳаллий фуқаро Адим Ҳасанов. – Биз Навоийни беҳад ҳурмат қиламиз, унинг асарларини севиб ўқиймиз. Озар халқи бетакрор Ўзбекистонни яхши кўради. Элларимиз ўртасидаги дўстлик риштаси мустаҳкамлигидан фахрланамиз.

Азиза Алимова,

ЎзА мухбири

Боку, Озарбайжон