Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18-19 апрель кунлари давлат ташрифи билан Тожикистонда бўлди.

Олий даражадаги музокаралар натижасида тарихий ҳужжат – Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланиши мамлакатларимизнинг икки томонлома стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатини чуқурлаштириш йўлидаги ортга қайтмас йўналишга содиқлигини тасдиқлади.

ЎзА мухбири Марказий Осиё халқаро институти етакчи илмий ходими Нурмуҳаммад Бахтиёровнинг ташриф якуни хусусидаги фикрини ёзиб олди:

– Ташриф давомида бир неча муҳим тадбир, жумладан Хотин-қизлар ва ректорлар форумлари, Ўзбекистон киноси кунлари, зиёлилар, олим ва тарихчилар анжуманлари, миллий таомлар ва туризм салоҳияти фестивали, “Made in Uzbekistan” маҳсулотлар кўргазмаси, шунингдек бизнес-форум ташкил этилди.

Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатининг бугунги ҳолати кўп қиррали ҳамкорлик ривожига хос жадал ва илғор хусусиятни яққол намоён этади. Зеро, 2017 йилдан буён биргаликдаги саъй-ҳаракат натижасида ўзаро муносабатни тубдан ислоҳ қилиш, очиқликни таъминлаш ва фаол амалий ҳамкорликни йўлга қўйишга эришилди.

Қисқа вақт ичида мамлакатларимиз салмоқли натижаларга эришди. Хусусан, давлат чегараси масаласи ҳал қилинди, икки давлат фуқаролари учун 30 кунгача визасиз режим жорий этилди, 17 назорат-ўтказиш манзили кенг кўламли фаолиятини тиклади, савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Тожикистон ҳукуматлараро комиссияси ҳамраислари мақоми Бош вазирлар даражасига кўтарилди.

Иқтисодий ҳамкорликнинг юқори ўсиш суръати нафақат ўзаро товар айирбошлаш миқдори бир неча баробар ортиши, балки иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўшма корхоналар ташкил этиш фаоллашувида ҳам акс этмоқда. Шу тариқа 2017 йил атиги 17 та бўлган икки давлат ҳудудидаги қўшма корхоналар сони ҳозир 370 тадан ошган.

Тожикистонда муваффақиятли фаолият кўрсатаётган қўшма лойиҳаларга мисол сифатида “Зилол-текс” ип-калава ва тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, “Артел” маиший техника маҳсулотлари, “Талко-Крантас” махсус коммунал ва қурилиш транспортини йиғиш ва ишга тушириш корхоналарини келтириш мумкин.

Жорий йил март ойида Душанбе шаҳрида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссия 11-йиғилиши бўлиб ўтди. Анжуманда саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича аниқ дастур ва лойиҳалар, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва сув ресурслари, транспорт, рақамли технологиялар ва бошқа соҳалардаги шерикликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.

Учрашувда кўп қиррали икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга хизмат қиладиган Зарафшон дарёсида иккита гидроэлектр станциясини биргаликда қуриш лойиҳасини жадаллаштириш ва Ўзбекистон – Тожикистон саноат-савдо зонаси фаолияти шартлари тўғрисидаги Ҳукуматлараро битимни имзолашга келишилди.

Шу билан бирга Ўзбекистон Президентининг Душанбе шаҳрига ташрифи чоғида икки давлат иқтисодий ҳамкорлиги янги истиқболини очадиган ҳужжатларлар имзолангани алоҳида эътиборга молик.

Қабул қилинган битим, баённома, “йўл харита”лари ва бошқа ҳужжатлар мавжуд шерикликни янги босқичга кўтаради. Энг муҳими, бу амаллар, ҳеч шубҳасиз, икки қардош халқнинг туб манфаатларига тўла жавоб беради.

Умуман, бу галги тарихий ташриф кўп қиррали шерикликни изчил ривожлантириш, иқтисодий тараққиётнинг янги чўққиларига биргаликда кўтарилишга интилишни исботлади.

Самарали натижалар Ўзбекистон – Тожикистон иқтисодий ҳамкорлигининг ҳаракатлантирувчи кучига айланиб, ўзаро товар айирбошлаш миқдори ошиши, мамлакатлар ўртасидаги саноат ва сармоявий алоқа мустаҳкамланишига хизмат қилади. Ўз навбатида, Марказий Осиёда барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлайди.

Беҳруз Худойбердиев ёзиб олди.

ЎзА