Марказий Осиё: Барқарор ривожланиш ва яхши қўшничилик

Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўнгги йилларда “Янги Ўзбекистон – яхши қўшничилик” тамойили асосида минтақавий барқарорликка эришиш, қўшни  давлатлар билан дўстона муносабатни мустаҳкамлашга қаратилган ташқи сиёсати самара бераётганини дунё аҳли эътироф этмоқда. Хусусан, тақдири, тарихи муштарак ўзбек ва тожик халқлари, Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлари ўртасидаги ишончли, яқин ришта қайта тикланди. Ўзбекистон етакчисининг 2018 йил 9-10 март кунлари Душанбе шаҳрига, Тожикистон раҳбарининг ўша йил август ойида Тошкентга давлат ташрифи ўзаро алоқалар сифатини янги босқичга кўтариш йўлида дадил қадам бўлди.

Ушбу ташрифлар асносида муҳим тарихий ҳужжатлар имзолана бошлаган даврдан бери, аллақачон, 6 йил вақт ўтди. Бугун Ўзбекистон ва Тожикистон шериклиги, дўстона алоқалари қай даражада ривожланмоқда? Ўзаро муносабат истиқболи яна қайси соҳаларни қамраб олиши мумкин? Шу ва бошқа саволларимизга Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Раҳмонзода жавоб берди.

– Мамнуният ила қайд этиш мумкинки, икки қўшни давлат ҳамкорлиги, робиталар сўнгги 6 йилда барча соҳаларда мустаҳкамланмоқда. Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсати натижасида чегараларимиз бир-биримиз учун очилди, ришталар стратегик муносабат мақомидан абадий дўстона даражага  кўтарилди. Етакчилар кўп марта учрашиб, истиқболли ҳамкорликни  замон талабидан келиб чиққан ҳолда янада кенгайтириш йўлларини муҳокама қилиб, муҳим шартномалар имзоладиларки, жараён самараси барча жабҳаларда намоён. Рамзий маънода олти йил олдин ўтқазилган дўстлик дарахти мева бермоқда.

Давлатлараро муносабат 192 шартнома, 100 дан зиёд келишув ва битим асосида ривожланяпти. Ҳужжатларнинг аксарияти Шавкат Мизиёев давлат тепасига келганидан кейин имзоланган. Айниқса, савдо соҳасидаги ютуқларимиз улкан. Бугунги кунда товар айирбошлаш қиймати 700 миллион доллардан ошган. Энг муҳими, бу кўрсаткич ҳеч бир томонни қониқтирмайди. Яъни, айни пайт маҳсулот ва хизмат айирбошлашни йилига 1 миллиард долларга етказиш имкони мавжуд. Бу борада Тожикистон ва Ўзбекистон Инвестиция фонди ташкил этилгани айни муддао. Жамғарма кўмагида қўшма корхоналар очилиб, икки мамлакат ишбилармонлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.

Қайд этиш жоиз, қўшни давлат сармояси иштирокида мамлакатимиздаги бир неча корхона фаолиятини тиклаб олди. Ўзбекистоннинг айрим корхоналари “ТАЛКО” компанияси корхоналарини қайта тиклаш бўйича лойиҳа тақдим этди. Эндиликда мамлакатимиз инвестицияси иштирокида Тожикистон 90 дан зиёд қўшма корхона фаолият олиб бормоқда, ишлаб чиқарилган маҳсулот чет элга экспорт қилинмоқда. Тожикистонда ер ости бойликлари, кон жуда кўп. Ўзбекистон мана шу захирадан, айниқса кўмир конларидан ўзаро манфаат кўриш учун самарали иш олиб бормоқда. Агар Самарқанд – Панжакент темир йўли фойдаланишга топширилса, наф икки-уч ҳисса ортиши мумкин.

Транспорт соҳасидаги ҳамкорлик ҳам тобора ривожланмоқда. Айниқса, транзит йўллардан фойдаланиш яхши йўлга қўйилган. Юк ташиш ҳажми икки баробар ортди. Солиқ ва бож тўлови яқин келажакда кескин камайиши назарда тутиляпти.

Икки давлат раҳбарлари ташаббуси билан Зарафшон дарёсида иккита электр станцияси қуриш режалаштирилган, ҳозир лойиҳалаш устида иш қизғин. Май ойида халқаро тендер ўтказилади. Шунингдек, энергетика вазирликлари электр энергияси транзити бўйича келишувга эришди. Хуллас, сув ва энергетика каби долзарб масалалар бўйича халқларимиз манфаатини кўзлаган ҳамкорлик жадал ривожланмоқда.

Қишлоқ хўжалиги алоқалари ҳам самара бермоқда. Ҳисор шаҳрида 20 гектар майдонда яратилган “Дўстлик боғи” фикримизнинг яққол мисоли. Мажмуани ниҳол билан таъминлаш ва агролаборатория ишлари Ўзбекистон томони зиммасида.

Сўғд вилояти марказида қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатиш маркази ташкил этилган. Ўзбек олимлари ва мутахассислари ирригация, чорвачилик, пахтачилик, пиллачилик, узумчилик, уруғчилик бўйича тажриба, илмий ютуқлар юзасидан маслаҳат бериб келмоқда. 2024 йил февраль ойида марказнинг илк йиғилиши бўлиб ўтди. Тожик деҳқонлари Ўзбекистондан олиб келинган турли хил минераллар ёрдамида мўл ҳосил олмоқда.

Сайёҳлик ҳамкорликнинг муҳим соҳасига айланди. Ҳар йили Тошкент шаҳрида Ўзбекистонинг туристик имкониятига бағишланган кўргазмалар ташкил этилади. Ҳозиргача Тожикистоннинг 20 дан ортиқ компанияси тиббиёт, тоғ ва зиёрат туризми бўйича битим имзолаган. Масалан, биргина 2023 йилда бир ярим миллион тожикистонлик сайёҳ Ўзбекистоннинг турли минтақаларига, 800 мингдан зиёд ўзбекистонлик сайёҳ Тожикистонга ташриф буюриб, яхши таассурот билан уйига қайтган.

Парламентлараро муносабат ҳам яхши йўлга қўйилган. 2023 йил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева икки бор Душанбе шаҳрига ташриф буюриб, Тожикистон Олий Мажлиси Миллий Мажлиси Раиси Рустам Эмомали билан учрашди. Тожикистон Олий Мажлиси Вакиллар Мажлиси Раиси Маҳмадтоир Зокирзода Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ мамлакатлари парламентлари йиғилишида иштирок этди. Парламентлар раислари муовинлари раҳбарлигида дўстлик гуруҳи тузилган. Шу йил 11-12 март кунлари Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликка оид ҳукуматлараро комиссиянинг 11-йиғилиши Душанбе шаҳрида икки мамлакат Бош вазирлари иштирокида ўтди.

– Элчи жаноблари, айтиш мумкинки, маданият, адабиёт, умуман гуманитар соҳадаги алоқаларимиз ҳам сезиларли даражада ривожланмоқда. Зеро, тарихан аждодларимиз бугунги мавжуд ҳамкорлик пойдеворини минг йиллар олдин мустаҳкам қўйганлар. Биз эса улкан мероснинг ворисларимиз. Шундай эмасми?

– Дарҳақиқат, охирги олти йил биз учун бурилиш даври бўлди. Масалан, илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги аниқ ва табиатшунослик фанлари бўйича яқин ҳамкорлик самараси ўлароқ, Тожикистоннинг кимё соҳаси олимлари  Навоий кимё корхоналари, лабораторияларида тадқиқот олиб боряпти. Физик олимларимиз – Президент ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази мутахассислари Тошкентдаги Марказий Осиё халқаро институти ва бошқа соҳавий илмий-тадқиқот муассасалари билан изчил изланишларни йўлга қўйган. Ректорлар форуми доирасида учрашув, конференциялар ўтказиш анъанага айланган.

Ўтган йил Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири билан бир неча нуфузли олий таълим муассасаси ректори Душанбе шаҳрига ташриф буюрди. Икки кун давом этган мулоқот асносида ҳамкорлик истиқболининг турли жиҳатлари муфассал муҳокама қилинди. Яқин кунларда шундай учрашув Тошкент шаҳрида ўтказилиши назарда тутилган. Умумий ўрта таълим муассасалари муносабати кўлами кенгаймоқда. Жорий йил бошида Душанбе шаҳридаги 15 умумтаълим муассасаси директорлари Тошкент шаҳрига келиб, тажриба алмашиб қайтди.

Санъат соҳасидаги алоқалар ҳам тобора ривожланмоқда. Гастроллар ташкил этиш анъанаси тикланди. Тожикистоннинг қатор театрлари артистлари Бухоро, Самарқанд, Қўқон, Фарғона шаҳарларида бўлиб, ижод намуналарини ўзбек томошабинларига тақдим этди. Айни вақт Ўзбекистон театр ижодкорлари Тожикистонга ташриф буюрди. Бу тадбирлар халқларимиз –ўзбек ва тожик театр мухлислари бир-бирларига муштоқ бўлиб қолганини намойиш этди. Тошкент шаҳрида таниқли хонанда Далер Назаров ҳамда  Хуршед Иброҳимзода концерти санъат шайдолари томонидан қизғин қабул қилинди.

Тожикистон Рассомлар иттифоқи раиси Н.Ҳомидова раҳбарлигида мўйқалам усталаримиз асарлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида томошабинлар ҳукмига ҳавола этилди. Энди Душанбе ўзбек рассомларига мунтазир.

Бастакорларимиз ҳамкорлиги ҳам замонга мос ривожланмоқда. Тожик бастакорлари асарлари Тошкент консерваториясида, ўзбек бастакорлари асарлари эса Тожикистоннинг санъат соҳасидаги таълим муассасаларида ижро этилмоқда. Ўзбекистоннинг таниқли бастакорлар Мустафо Бафоев, Ҳабибулло Раҳимов ва бошқалар шу йўналишда ижод қилиб, юксак натижага эришган.

“Алишер Навоий” балети (мусиқаси муаллифи Мустафо Бафоев)да тожик ва ўзбек халқлари дўстлиги куй орқали гўзал талқин қилинган. М.Бафоев Душанбедаги С.Айний номли опера ва балет театри учун “Ибн Сино” асарига мусиқа ёзиб берди.

Айнан шу руҳдаги ҳамкорлик вилоятлараро маданий алоқада ҳам ифодасини топган. Сўғд вилояти санъаткорлари Фарғонада, Мустақиллик ва Наврўз шодиёналарида қатнашди, Турсунзода, Ҳисор, Шаҳринав туманларидаги тантаналарга қўшни Сурхондарёдан келган санъаткорлар шукуҳ бағишлади. Тожикистоннинг Хатлони ва Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти маданият ва санъат вакиллари халқларимиз ўртасидаги дўстлик риштасини  мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшмоқда.

Мамнуният билан қайд этиш жоиз, тожик тилида ижод қилувчи 6 нафар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тожикистон Ёзувчилар уюшмасига қабул қилинди. Чуст туманида Сотиб Улуғзода, Тошкент шаҳрида Мирзо Турсунзода ҳамда Жонибек Қувноқ, Бойсун туманида Саттор Турсун юбилейлари уюшқоқлик билан ўтказилди. Душанбе шаҳрида атоқли ўзбек шоири Эркин Воҳидов ижодига бағишланган турли тадбирлар ташкил этилди. Бу учрашувлар, дўстлар мулоқоти, аминмизки, мавжуд адабий алоқаларни янада мустаҳкамлайди. Адабий дўстлик эса халқлар дўстлигига хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, сўнгги олти йил мобайнида тожик ва ўзбек халқлари ўртасидаги биродарлик кўлами янги босқичга чиқди. Энг асосийси, бу алоқалар Марказий Осиёдаги барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шоқаҳҳор Салимов суҳбатлашди.

ЎзА