Бугун Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига расмий ташрифи олдидан Душанбе шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон-Тожикистон инвестиция бизнес форумида иштирок этди.

Тадбирга Тожикистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Усмонали Усмонзода ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев ҳамраислик қилди. Форумда шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доираларининг 600 дан ортиқ вакиллари, вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари ва вилоят ҳокимликлари раҳбарлари иштирок этди.

Жамшид Ходжаев ўзининг қутлов сўзида икки давлат раҳбарлари ўртасидаги ишонч туфайли сўнгги йилларда сезиларли даражада мустаҳкамланган кўп қиррали ўзаро ҳамкорликнинг стратегик даражасини алоҳида таъкидлади.

Йиғилишда икки мамлакат ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ошгани қайд этилди. Сўнгги саккиз йилда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3 баробар ошиб, 2023йилда бу кўрсаткич 750 миллион долларга етди, йил бошидан эса яна 40%га ошди. Шу билан бирга, икки мамлакат иқтисодиёти салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, яқин йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича янги улкан мақсадлар эълон қилинди.

Бугунги кунда икки давлат ҳудудида 370 дан ортиқ қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда, ваҳоланки, 2017 йилда уларнинг сони атиги 17 тани ташкил этган эди. Хўжанддаги “Зелал-тех” ип-калава ва тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси ҳамда Душанбе шаҳридаги “Артел” маиший техника ишлаб чиқариш корхоналари муваффақиятли лойиҳалар қаторидан жой олган. “Ойбек-Фотехобод” чегара пункти ва “Андархон” савдо-логистика марказида савдо зонасини ташкил этиш, Тожикистоннинг Зарафшон дарёсида иккита ГЕС қуриш каби салмоқли қўшма лойиҳаларнинг амалга ошириш ишлари фаол олиб борилмоқда.

Ҳамкорликда ишлаш ва қўллаб-қувватлаш тажрибасига асосланиб, муносабатларни ривожлантиришнинг энг устувор йўналишлари, хусусан, металлургия ва тоғ-кон саноати, минерал-хомашё ресурсларини ўзлаштириш ва қайта ишлаш, шамол ва қуёш энергетикасини ривожлантириш, гидроенергетика, машинасозлик ва электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш, агросаноат комплекси ва енгил саноат каби соҳалар белгилаб олинди. Мамлакат ҳукумати янги сармоявий лойиҳаларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тўлиқ тайёр эканлиги билдирилди.

Ўз навбатида, Тожикистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Усмонали Усмонзода ҳам савдо, сармоявий ва саноат кооперацияси соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш салоҳиятини юқори баҳолади ва икки мамлакат ишбилармон доиралари вакилларини фаол ҳамкорлик қилишга, шериклик алоқаларини ўрнатишга чақирди.

Ўзбекистон-Тожикистон сармоявий компаниясининг роли алоҳида таъкидланди, унинг ресурсларидан фойдаланиш учун умумий қиймати 135 миллион доллар бўлган 14 та лойиҳа рўйхати шакллантирилди.

Бизнес форум якунлари бўйича ҳужжатлар тўплами имзоланди, улар асосида ҳар бир лойиҳани амалга оширишнинг аниқ ижрочилари ва муддатларини ўз ичига олган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади.

ЎзА