Давлат хизматлари марказлари одамлар учун қулайликлар марказларига айланди – ҳар қандай хизмат бир бинода, бир жойда.

Давлат хизматлари марказлари янги ташкил этилган 2017 йилда 37 турдаги хизмат кўрсатилган бўлса, ҳозир уларнинг сони 335 тага етди. Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилаётган хизматлар сони эса 580 дан ошди.

Давлат хизматлари марказлари филиаллари сони 138 тага етди. Муҳими, барча марказлар энг замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган.

Адлия вазирлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, 2023 йил давомида Давлат хизматлари марказлари томонидан 13 миллиондан ортиқ давлат хизмати кўрсатилган.

Давлат хизматлари марказлари ташкил этилганидан буён ҳар куни марказларга ташриф буюрган фуқаролар сони жорий йил 15 апрель куни рекорд натижа қайд этгани маълум бўлди.

Яъни, шу куни марказларга кун давомида 121 мингдан ортиқ фуқаро ташриф буюрган.

Шундан 96 минг 366 нафар фуқарога давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, 25 мингдан ортиғи хизмат натижасини олиш учун келган.

Давлат хизматлари марказларида бир фуқарога хизмат кўрсатишнинг ўртача вақти  3 дақиқа 10 сонияни ташкил этмоқда.

Адлия вазирлиги томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш, аҳолига янада кўпроқ қулайлик яратиш устида доимий иш олиб борилмоқда.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА