2024 йилнинг 16–17 апрель кунлари Италиянинг Флоренция шаҳрида “Ўзбекистон: саҳродаги авангард” номли туркум кўргазмалар ташкил этилади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ахборот хизматига кўра,  кўргазмаларда илк бор Ўзбекистон давлат санъат музейи ва Игорь  Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейининг тўпламларида сақланаётган энг сара рангтасвир ва графика асарлари намойиш этилмоқда.

“Ўзбекистон: саҳродаги авангард” кўргазма лойиҳасининг Флоренция бўлими “Нур ва ранг” деб номланади. Бунда асосий эътибор Туркистонда 1917 йилгача ижод қилган рус Шарқ ихлосмандларидан бошлаб то ХХ асрнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда шаклланган миллий рангтасвирчилик мактаби намояндаларининг картиналари билан танишиш мумкин.

Мазкур лойиҳанинг тарғибот ролигини яратишда В.Лисенконинг “Буқа” ва В.Уфимцевнинг “Поездга” каби залворли асарларини алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. Тарғибот видеоролигида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Нидо” достонидаги шеърий мисралардан фойдаланилган.

Питти саройида “Нур ва ранг” лойиҳасининг Флоренция бўлими жамоатчилик учун 16 апрелдан 30 июнгача очиқ бўлади.

“Ўзбекистон: саҳродаги авангард” номли туркум кўргазмаларнинг яна бир “Шакл ва рамз” номли Венеция бўлими экспозицияси кенг жамоатчилик  учун  17 апрелдан 29 сентябрга қадар Ка-Фоскари университетининг кўргазмалар майдонида намойиш этилади.

 

Н.Усмонова,

ЎзА