«Дийдор» ёшлар-экспериментал театр-студиясида швейцариялик адиб, публицист ва драматург Фридрих Дюрренматт асари асосида саҳналаштирилган «Автоҳалокат» спектаклининг премьераси бўлиб ўтди.

Спектакль воқеалари тунда машинаси бузилиб қолгани сабабли меҳмонхонага келиб қолган бадавлат одамнинг – текстиль саноатининг йирик ишбилармони Альфредо Трапснинг бу ердаги одамлар билан «судлашув» ўйинини ўйнаши ва шу орқали бошидан кечирганлари, тазарру ва изҳорлари, эътирофлари билан бошланади.

Меҳмонхонадаги қариялар билан бошланган савол-жавоб дастлаб бежанжал, беозор гурунг тарзида, хафагарчиликларсиз кечади. Ўзини «йўл қоидасини ҳам бузмаган инсон қандай қилиб қотилликка қўл урсин» деб таърифлаган Трапснинг кирдикорлари суҳбат асносида аста-секин ойдинлаша боради. Ўз кирдикорларини, маънавий қиёфасини нечоғли аянчли эканини англаган Альфредо Трапснинг ҳаёти ҳам аянчли – автоҳалокат билан якун топади.

Спектакль инсон ўз-ўзига мудом ҳисоб бериб бориши, ўзига ташқаридан назар сола олиши, виждони билан мудом ҳамроҳ бўлиши зарур эканини уқтиргандек бўлади.

Доим жиддий саҳна асарларига мурожаат этувчи «Дийдор» ижодий жамоасининг ушбу янги спектакли таниқли режиссёр Жаҳонгир Қосимов томонидан юксак маҳорат билан саҳналаштирилган. Айтиш керакки, Жаҳонгир аканинг наинки кино, балки театр режиссёрлиги соҳасидаги салоҳияти ҳам ғоят юксак ва бетакрор эканига театрнинг асл мухлислари яна бир марта гувоҳ бўлдилар. Зеро, Жаҳонгир Қосимов санъат оламига илк қадам қўйган пайтларида Ўзбек Миллий академик драма театрида бир муддат жуда самарали фаолият кўрсатган. Мазкур пьесани атоқли адиб, устоз ижодкор Мурод Муҳаммад Дўст таҳрир этгани саҳна асари «тили»нинг равон, лўнда, ҳам жозибали, силлиқ, қизиқарли бўлишини таъминлаган.

Фарҳод Абдуллаев, Карим Мирҳодиев, Абдухалил Мингноров, Эгамберди Раҳимов, Хуршида Арабшоева каби маҳоратли актёрлар жамланмаси спектаклнинг мутлақо муваффақиятини таъминлаган, десак янгилашмаймиз.

Сектаклдан асосий хулоса шуки – инсоннинг қалби, виждони, ички дунёси маънавий ҳалокатдан ҳоли, таназзулдан, маънавий емирилишлардан мудом нари бўлсин.

 

Назокат Усмонова,  

ЎзА мухбири