2024 йил 27 февралда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.

Қонун билан аҳоли ва тадбиркорларга қандай қулайлик яратилди? Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жамоатчилик билан алоқалар маркази бошлиғи Азиз Обидов маълумот берди:

– Жорий йил 1 январдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар бўйича қарздорликни ундириш юзасидан суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, ушбу кредитлар бўйича фоизлар ва неустойка ҳисобланиши тўхтатилди.

Бу янги тартиб давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 4 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида жорий этилди.

Бунга қадар кредит ташкилоти кредит олувчи томонидан кредитни қайтариш интизоми бузилганда – шартнома ёки қонунда кўрсатилган ҳолатларда – кредит қарздорлигини муддатидан олдин ундиришга ҳақли бўлган. Кредит ташкилоти кредит қарздорлиги суд қарори билан ундирилгандан сўнг ҳам кредит амалда қайтарилгунгача бўлган даврлар учун фоиз ва неустойка ундириш ҳуқуқига эга бўлган.

Шу сабабли янги қонун Фуқаролик кодексининг 744-моддасига кредит қарздорлигига нисбатан фоиз ва пенялар ҳисоблаш бўйича янги тартиб белгиланди.

Эндиликда кредит бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, суд қарорида кўрсатилган кредит бўйича ундириладиган суммага нисбатан ушбу кодекснинг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмлари ҳамда 734-модданинг биринчи қисмида назарда тутилган фоизлар, шунингдек, неустойка ҳисобланиши тўхтатилади.

Қонунчиликка киритилган қўшимчага кўра, суд қарори билан ундирилган кредит қарздорлигига нисбатан кредит шартномасида кўрсатилган фоизлар, пул мажбуриятини бажармаганлик учун ҳисобланадиган фоиз ва неустойка ҳисобланиши тўхтатилади.

Янги қонун нормаси шу йил 27 февралда қабул қилинган бўлсада, унда қонуннинг орқага қайтиш кучи ҳам назарда тутилган. Гап шундаки, суд қарори билан ундирилган асосий кредит қарзига нисбатан фоиз ва неустойка ундириш 2024 йил 1 январидан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ қилинади.

Фуқаролик кодексининг 4-моддасида қонуннинг вақт бўйича амал қилиш қоидалари белгиланган бўлиб, унга кўра, фуқаролик қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин вужудга келган муносабатларга нисбатан қўлланилади. Ушбу модданинг иккинчи қисмида эса қонун у амалга киритилгунга қадар вужудга келган муносабатларга нисбатан қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллардагина татбиқ этилиши белгиланган.

Шу маънода суд қарори билан ундирилган кредитнинг асосий қарзга нисбатан 2024 йил 1 январдан бошлаб фоиз, неустойка ҳамда бошқа шахсларнинг пул маблағларини ғайриқонуний ушлаб қолиш, уларни қайтариб беришдан бош тортиш, уларни тўлашни бошқача тарзда кечиктириш ёхуд бошқа шахс ҳисобидан асоссиз олиш ёки жамғариш натижасида улардан фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз ҳисобланиши тўхтатилади.

Эслатиб ўтамиз, фақат суд қарори билан ундирилган суммага нисбатан фоиз ва неустойка ҳисобланмаслиги микроқарз муносабатларига нисбатан татбиқ қилинмайди.

 

Н.Абдураимова, ЎзА