Аёлларнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг давлат ва жамият бошқаруви ҳамда иқтисодиётдаги иштирокини янада кенгайтириш борасида тажриба алмашиш мақсадида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида 2024 йилда Ўзбекистонда Осиё хотин-қизлар форумини ўтказиш ташаббусини илгари сурган эди.

Мазкур анжуман «БМТ-аёллар» тузилмаси билан биргаликда жорий йил 13-14 май кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилади.

Форум доирасида минтақа хотин-қизларининг фан, таълим ва инновацион фаолиятдаги иштироки ҳамда рақамли технологиялардан фойдаланиши муҳокама қилинади. Ҳозирги глобал иқтисодиётда аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш орқали қашшоқликни камайтириш, тадбиркорлик, етакчилик ва инновацияларга жалб этиш масалаларига эътибор қаратилади.

Форумни юқори савияда ўтказиш мақсадида Олий Мажлис Сенатида Осиё хотин-қизлар форумини ўтказиш бўйича ташкилий қўмита тузилди.

Форумга тайёргарлик бўйича ўтказилган йиғилишда дунё иқтисодиётида энг катта улушга эга давлатлар айнан Осиё минтақасида жойлашгани, таълим, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари, иқтисодиёт ва бошқа кўплаб йўналишлардаги ютуқлар ушбу мамлакатлар ҳиссасига тўғри келаётгани қайд этилди.

Сенат Раиси Танзила Норбоева форумда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда хотин-қизларнинг иштироки масаласи кўриб чиқилиши муҳим аҳамият касб этишига тўхталди. Зеро, зўравонликнинг барча шаклларига барҳам бериш, иш жойларини аёллар учун тенг ва хавфсиз қилиш, иш жойида камситиш ва зўравонликка барҳам бериш масалалари бугунги кунда долзарб ҳисобланади.

БМТ аёллар ҳолати бўйича комиссиясининг 68-сессияси қарорларининг амалий ижроси, хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, бизнес ва жамиятда уларнинг иштирокини рағбатлантиришда парламентларнинг ўрни ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда минтақадаги ноҳукумат ташкилотларининг роли масалалари ҳам кўриб чиқилади.

Йиғилишда нуфузли анжуманнинг ташкилий жиҳатлари, кун тартиби, хорижий мамлакатлар делегациялари билан икки томонлама учрашувларни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Тегишли идора ва ташкилотларга вазифалар белгилаб берилди.

 

Н.Абдураимова, ЎзА