Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 30 мартдаги 181-сонли қарори билан «Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш» комплекс дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 20 январдаги 37-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Унга кўра, Баҳолаш гуруҳининг ҳар бир аъзоси лойиҳаларни танлаб олиш ва тоифаларга ажратиш масалаларида уч иш кунида ўз фикр ва мулоҳазаларини бериши шарт. Гуруҳ аъзоси ушбу муддат давомида муносабат билдирмаган тақдирда, у томонидан ижобий хулоса берилган деб ҳисобланади. Аввалги тартибда ушбу уч кунлик муддат белгиланмаган эди. Чиновниклар истаган вақтида қараб, истамаса аризалар ушбу гуруҳнинг тасдиғидан ўтишда узоқ вақт қолиб кетаётган эди.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар, ҳунармандлар, касаначилар ва оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ўз бизнес лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширган жисмоний шахслар молиявий инструментлардан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритганда белгиланган тартибда тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Эндиликда ўзини ўзи банд қилган шахсларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун 100 млн. сўмгача гаровсиз кредитларнинг 50 фоиз қисми уларнинг банк карталарига ўтказиб берилиши мумкин.

 

Ш.Маматуропова,

ЎзА