Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқилган “Менинг боғим” лойиҳаларини шакллантириш ва молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқилган “Менинг боғим” лойиҳаларини шакллантириш ва молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Қарорда белгиланишича ҳар йили Ўзбекистан Республикасининг республика бюджетининг тасдиқланган кўрсаткичларидан келиб чиқиб, Экология вазирлигида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси тадбирларига ажратиладиган маблағлардан шаклланадиган бюджет ташкилотининг бюджетдан ташқари жамғармаси шаклидаги “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси” шахсий ғазна ҳисобварағи;
Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Экология вазирлигининг вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларида “Менинг боғим” лойиҳалари доирасида “яшил боғ” ва “яшил жамоат парклари”ни ташкил қилиш бўйича ташаббусли бюджет орқали молиялаштириш маблағлари жамланадиган махсус шахсий ғазна ҳисобварағи очилади.
Республика бюджетидан ажратилган маблағларнинг камида 50 фоизи “Менинг боғим” лойиҳаларини ташаббусли бюджет орқали молиялаштириш учун Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Экология вазирлигининг вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларининг махсус шахсий ғазна ҳисобварақларига ўтказиб берилади. Бунда маблағлар туман ва шаҳарларга тенг улушларда, лекин 250 млн сўмдан кам бўлмаган миқдорда тақсимланади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир дафта муддатда:
“Менинг боғим” лойиҳалари жараёнини ташкил этиш, шу жумладан лойиҳаларни баҳолаш, саралаб олиш ҳамда уларнинг ижросини мониторинг қилиш бўйича туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузурида мутасадди вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат таркибда ишчи гуруҳлари шакллантирилади;
2024 йил учун, 2025 йилдан бошлаб эса ҳар йили декабрь ойида “яшил боғ” ҳамда “яшил жамоат парки”ни ташкил этиш учун белгиланган тартибда ер майдонлари ажратилади.
ЎзА