“Tashkent City Maall”да “Ўзбекистонда халқаро брендлар учун янги имкониятлар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда ОАВ ходимлари ҳамда жаҳоннинг нуфузли бренд компаниялари вакиллари иштирок этди.

Анжуманда мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, хусусан экспортни кенгайтириш учун нуфузли хорижий брендларни жалб қилиш муҳим аҳамиятга эгалиги қайд этилди. Шу мақсадда халқаро брендлар фаолиятини йўлга қўйиш учун мамлакатимизда қатор ҳуқуқий ва ташкилий механизмлар яратилмоқда.

Хорижий брендлар мамлакатга кириб келиши билан қатор йирик масалалар ҳал қилинади. Жумладан, ишлаб чиқаришга халқаро стандарт, экология ва сертификатлаш талаблари қўйилади. Бунинг учун маҳаллий корхоналарда мутахассислар зарур талаб асосида ўқитилади, ишчиларга муносиб меҳнат шароити яратилади. Бренд-маҳсулотларни олиб кириш ва экспорт қилиш учун қулай божхона тартиби жорий қилинади.

Таъкидлаш жоиз, 2022 йил 12 октябрда давлатимиз раҳбари “Аҳолини халқаро брендларнинг сифатли маҳсулотлари билан таъминлаш ва маҳаллий корхоналарнинг глобал қўшилган қиймат занжирларига кириши учун қўшимча шароит яратишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ушбу ҳужжат асосида халқаро брендлар товарларининг айрим турлари, жумладан, кийим-кечак, парфюмерия маҳсулотлари, спорт кийимлари, пойабзал ва заргарлик буюмларини импорт божхона божи пасайтирилган ставкасида мамлакатга олиб кириш имконини берувчи Реестрни юритиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Матбуот анжуманида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5 мартда қабул қилинган халқаро брендлар товарларининг айрим турларини бренд эгалари ёки уларнинг ваколатли етказиб берувчилари билан тузилган тўғридан-тўғри шартнома асосида импорт қилувчилар реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгариш ва қўшимча киритиш ҳақидаги қарор мазмун моҳияти хусусида маълумот берилди.

– Ушбу низомга киритилаётган қўшимча ва ўзгариш натижасида халқаро брендлар товарларини импорт қилувчилар Реестри инсон омили минималлаштирилган электрон тизим орқали юритилиши йўлга қўйилди, – деди Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги мутахассиси Феруз Ҳожиматов. – Шунингдек, аризани кўриб чиқиш муддати 25 кундан 14 кунга қисқартирилди. Реестрга кириш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўзига тегишли (ёки ижара) чакана савдо шохобчасига эга бўлиши лозимлиги тўғрисидаги талаб енгиллаштирилиб, 1 та шохобчанинг ўзи кифоя бўлиши белгиланди. Халқаро бренднинг патентланган товар белгиси (логотип), шиори, реклама ролиги, товарнинг халқаро электрон онлайн савдо майдонида мавжудлиги ҳамда олиб кириладиган бренд маҳсулот сифатини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилиш амалиёти бекор қилинди.

Мазкур ҳужжат халқаро брендлар товарларини импорт қилувчилар реестрини юритиш жараёнини рақамлаштириш, техник тўсиқларни бартараф этиш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Бугунги кунга қадар халқаро брендларни олиб кириш юзасидан қабул қилинган аризалар орасидан 40 дан ортиқ брендга 60 сертификат тақдим этилди. Шу тариқа жаҳоннинг “Mango”, “Massimo Dutti”, “Pull&Bear”, “Bershka”, “Oysho”, “Stradivarius”, “Oxxo”, “Ecco”, “Next”, “Gerry Weber”, “Swarovski” “Adidas”, “Chanel”, “Zara” сингари 20 га яқин нуфузли бренди “Tashkent City Mall” савдо марказида фаолиятини йўлга қўйди.

Эътиборлиси, кийим-кечак соҳасига оид 30 дан зиёд “LC Waikiki”, “Cotton”, “Defacto”, “Colin’s”, “Terranova”, “Baldessarini”, “The North Face”, “Engelbert Strauss GmbH & Co. KG”, “Pierre Cardin” каби халқаро брендлар, жумладан Германиянинг 11 та, Италия ва Туркиянинг 7 тадан ҳама АҚШ, Франция ва Хитойнинг 2 тадан бренди билан Фарғона, Наманган, Бухоро, Самарқанд вилоятларида кооперация лойиҳалари ишга туширилди.

Гўзал Сатторова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА