Сенат: ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича самарали назорат ўрнатилади

377

Олий Мажлис Сенати ҳудудлар ривожида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ролини оширишга доимий эътибор қаратмоқда. Шу мақсадда ўқув семинарлари, учрашувлар ташкил этилиб, уларнинг фаолияти сарҳисоб қилиб борилмоқда.

Ҳудудлардаги сенаторлар, маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссиялари раислари ҳамда котибият мудирлари иштирокида бўлиб ўтган  навбатдаги онлайн учрашувда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан белгиланган чора-тадбирларни манзилли ўрганиш ҳамда самарали назоратни амалга ошириш масалаларига эътибор қаратилди.

Сенат Раиси Танзила Норбоева олиб борган семинарда жорий йилнинг 2 февралида қабул қилинган Президентимизнинг “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонидан келиб чиқадиган вазифалар муҳокама қилинди.

Маҳаллий Кенгашлар фаолиятида учраётган айрим муаммоли масалалар кўриб чиқилиб, уларни бартараф этиш бўйича вазифалар белгиланди.

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган дастурларнинг ижроси устидан самарали назорат ўрнатиш масалаларига етарли эътибор қаратилмаётгани қайд этилди.

Сенат Раиси белгиланган вазифалар ва лойиҳалар ижроси устидан самарали назоратни амалга ошириш, қолаверса, уларнинг амалга оширилишида яқиндан кўмаклашиш бўйича ишлаб чиқилган механизм асосида ишларни ташкил этиш масаласига тўхталди. Бунда, кенгаш, унинг котибияти доимий комиссиялари ҳамда депутатлар олдидаги вазифалар юзасидан батафсил тушунтириш берди.

Эндиликда Президент ҳужжатларида, ҳукумат қарорларида тегишли “йўл хариталари”да ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида ҳудудни ижтимий иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар, амалга ошириладиган лойиҳалар манзилли бириктирилади.

Депутатлар томонидан ушбу вазифалар ижроси устидан назорат ўрнатилиши билан бирга, уларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишида ижро ҳокимиятига амалий ёрдам  кўрсатилади.

Бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳар чорак якуни бўйича тегишли туман, шаҳар вилоят кенгашлари ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси мажлисларида танқидий муҳокама қилиб борилади. Жойлардаги муаммоларни “маҳалла еттилиги” билан биргаликда “туман – вилоят – республика” даражасида кўтариб чиқиш ҳамда ҳал этиш тизими йўлга қўйилади.

Учрашувда ишларни ушбу тизим асосида намуна сифатида йўлга қўйган айрим маҳаллий Кенгаш вакилларининг фикрлари эшитилди.

Конструктив руҳда ўтган учрашувда муҳокама этилган масалалар бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди. Янги тизим бўйича ишларни ҳамкорликда амалга оширишга келишиб олинди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА