Пойтахтимиз Тошкентда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ташкил этилган Баҳодир Жалолов ҳамда Оксана Чусовитина ихтисослаштирилган спорт мактаблари халқаро спорт жамоатчилигининг, турли хорижий мамлакатлардаги жисмоний тарбия ва спорт таълим муассасалари олимларининг қизиқиш ва эътиборига сабаб бўлмоқда.

Куни кеча юртимизга ташриф буюрган Германиянинг Кёльн спорт университети профессорлари Георгий Коробейников ҳамда Лециа Коробейникова, жанубий кореялик профессор Баэк Мун Жонг, бир гуруҳ хорижий спорт мутахассислари Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори, профессор Рашид Маткаримов ҳамроҳлигида Баҳодир Жалолов ҳамда Оксана Чусовитина ихтисослаштирилган спорт мактабларида бўлиб, яратилган шарт-шароитлар билан танишди.

Мазкур спорт таълим даргоҳларида фаолият кўрсатаётган мутахассислар, шуғулланувчи ёшлар билан суҳбатлар давомида хорижлик олимлар, спорт мутахассислари мамлакатимизда профессионал спортчиларни тайёрлашнинг янгича илғор тизими жорий этилганини эътироф этди.

Мулоқотлар чоғида ушбу спорт мактаблари ҳар томонлама малакали спортчиларни тайёрлаш билан бирга спорт таълим соҳасида изланишлар олиб борадиган мутахассисларни етиштиришда ҳам муҳим роль ўйнашини таъкидлади.

Учрашув якунида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети билан Баҳодир Жалолов ҳамда Оксана Чусовитина ихтисослаштирилган спорт мактаблари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Келгусида иккала ихтисослаштирилган спорт мактаблари учун зарур ҳолларда университет томонидан мураббийлар етказиб бериш, ўқув-услубий ёрдам кўрсатиш ва энг муҳими, мактаб тарбияланувчиларини университетга ўқишга жалб этиш, ўзаро ҳамкорликда фаолият юритиш масалалари келишиб олинди.

 

Т. Рўзиев, ЎзА