Маданият вазири Озодбек Назарбеков Туркманистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Шадурди Мередов билан учрашди.

Мулоқот чоғида ҳамкорликда амалга ошириш режалаштирилган бир қатор маданий тадбирларга оид масалалар муҳокама этилди.

Хусусун, 2024 йилнинг 26-27-март кунлари Туркманистоннинг Aнау шаҳрида “Туркий дунё маданият пойтахти” тадбирлари бўлиб ўтиши белгиланган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги раҳбарияти бошчилигидаги вазирлик делегацияси ва ижодий гуруҳининг Туркманистонга сафари режалаштирилмоқда. Учрашувда ташриф билан боғлиқ ташкилий масалалар келишиб олинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 19 февралдаги “Буюк туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги  қарори ижроси бўйича кўзда тутилган вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Жумладан, Махтумқули ҳақида туркман киноусталари билан ҳамкорликда бадиий фильм яратиш, юбилей муносабати билан шоир ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида спектакль саҳналаштириш, ўзбекистонлик ёш хонандалар ўртасида “Махтумқули шеърлари билан айтиладиган энг яхши қўшиқлар ижрочиси” республика танловини ўтказиш ва унга фахрий ҳакам сифатида туркман мутахассисларини жалб этиш, аллома хотирасига бағишланган ижодий кеча ўтказиш юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда томонлар жорий йилда Туркманистонда ўтказилиши режалаштирилган «Ўзбекистон маданияти кунлари», шу билан бирга, қўшни мамлакат халқ артистларининг мамлакатимизга гастроль сафарларини уюштириш бўйича ҳам келишиб олинди.

Озодбек Назарбеков қардош халқ вакилларини шу йилнинг 25-30 апрель кунлари Хива шаҳрида ташкил этиладиган “Лазги”, 26-28 июнь кунлари Зомин туманида ташкил этиладиган “Мақом санъати” фестивалларида иштирок этиш учун таклиф этди.

Вазирлик ахборот хизматига кўра, учрашувда шунингдек,  Самарқандда бўлиб ўтадиган “Шарқ тароналари” Халқаро мусиқа фестивали, Бахшичилик санъати бўйича халқаро анжуман, Халқаро ҳунармандчилик фестивали, “Буюк ипак йўли” халқаро мусиқа фольклор фестивали, театр фестиваллари ва бошқа тадбирларда туркманистонлик санъат вакилларининг иштирок этишига эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистондаги маданият ва санъатга ихтисослашган таълим муассасаларида Туркманистон вакиллари учун квоталар ажратиш, театр соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди.

 

Н.Усмонова,  

ЎзА