Давлат хизматчисининг касбий тайёргарлиги, билим ва кўникмаси – давлат хизмати барқарорлиги, ишончлилиги ва самарадорлигини таъминлайди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунда ҳам давлат фуқаролик хизматчилари ўзининг касбий компетенциясини мунтазам равишда ошириб бориши шарт эканлиги белгиланган.

Жорий йилнинг 11 мартидан бошлаб Давлат бошқаруви академияси ва унинг ҳудудлардаги филиалларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 1 минг 539 нафар ўрта ва қуйи бўғин раҳбар кадрларининг касбий билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган малака ошириш курслари ташкил этилди, дейилади Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги маълумотида.

Тажрибали мутахассислар ва профессор-ўқитувчилар олиб бораётган ўқув дастури орқали тингловчиларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маънавий соҳадаги билимлари ошириб борилмоқда.

Маълумотларга кўра, малака ошириш курслари жорий йилнинг 16 мартига қадар давом этади. Якунда номзодларнинг билим даражалари тест синовлари орқали, шахсий ва касбий кўникмалари эса психодиагностик тестлар орқали баҳоланади.

М.Мадаминова, ЎзА