Бугун ахборот технологиялари ривожлангани сари ундан нопок мақсадларда фойдаланиб, кибержиноятларни содир этиш ҳолатлари ҳам ортиб бормоқда. Бу каби ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, кибермаконда шахс, жамият ва давлат манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, мобиль банк тизимлари фуқаролар ва ташкилотлар ҳаётининг турли соҳаларига кириб, молиявий ва бошқа хизматларни тақдим этишнинг янада илғор шакллари ва усулларига айлантирилди. Лекин шунга қарамай, рақамлаштиришнинг глобал кенгайиши фонида кибержиноятлар динамикасида сезиларли ўсиш кузатилиб, айниқса, кредит, молиявий ва банк секторларида потенциал хавф кучаймоқда.

Парламент қуйи палатасининг мажлисида муҳокама қилинган “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси кибермаконида киберхавфсизлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.

Лойиҳанинг мақсади қонун ҳужжатларини “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонунга мувофиқлаштириш ҳамда тўлов тизими операторлари, кредит, тўлов ташкилотлари, валюта биржалари ва кредит бюроларининг ахборот ва киберхавфсизлигини таъминлашдан иборат.

Муҳокамаларда қайд этилганидек, қонун лойиҳасидаги нормалар киберхавфсизлик соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солади. Шунингдек, соҳани ҳуқуқий, ташкилий, илмий-техник ва меъёрий-услубий таъминот тизимини такомиллаштиришга, шу жумладан тўлов тизими операторлари, кредит ва тўлов ташкилотлари, валюта биржалари ва кредит бюроларининг ахборот тизимлари ҳамда ресурсларининг яхлитлигини таъминлашга хизмат қилади.

Мажлисда қизғин муҳокама ва фикр-мулоҳазалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА