“Болалар ва ёшларга дўстона, маҳаллий бошқарув” пилот лойиҳаси доирасида эришилган натижалар таҳлил қилинди

Мен сизга бир дона олма берсам ва сиз менга бир олма берсангиз, ҳар иккаламизда биттадан олма бўлади. Мен сизга бир ғоя берсам-у, сиз менга бир ғоя берсангиз, ҳар биримизда иккитадан ғоя бўлади. Зеро, моддий ва ғоявий ҳаракат ўртасида фарқ бор. Бугунги Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашиб, йирик лойиҳалар устида ишлаётгани ана шу икки ғояни туташтиряпти.

Пойтахтимизда “Болалар ва ёшларга дўстона, маҳаллий бошқарув” ташаббуси доирасида эришилган натижалар таҳлилига бағишлаб ўтказилган тадбирда республикамизнинг беш ҳудудида навқирон ёшлар, юртимиз келажаги бўлмиш болалар ахборот технологиялари ва бошқа замонавий касбларга доир турли йўналишларда биргаликда муҳим ишлар амалга ошираётгани таъкидланди.

Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги, ушбу давлатнинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан молиялаштирилган, UNICEF қўллаб-қувватлаган навбатдаги инновацион ташаббус Фарғона, Навоий, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида “Юксалиш” ҳаракати ва Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда муваффақиятли синовдан ўтказилди.

– “Болалар ва ёшларга дўстона, маҳаллий бошқарув” ташаббуси ажойиб натижа берди, – дейди мамлакатимиздаги UNICEF ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Жоффри Ижумба. – Масалан, экологияни сақлаш, болалар таълими учун шароит яратиш чора-тадбирларига ёшлар салмоқли ҳисса қўшяпти. Ногирон ёшлар ижтимоий хизматдан фойдаланиши масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Дарвоқе, мазкур ғоя маҳаллий ҳокимият томонидан болалар ва ёшлар манфаатини изчил таъминловчи қарорлар қабул қилинишига эришиш мақсадини кўзлаган эди. шу маънода масъуллар қизлар ва ўғил болалар, ёш аёллар ҳуқуқи ҳурмат қилинадиган соғлом, ғамхўр, хавфсиз, шунингдек камситишдан холи ва инклюзив муҳит яратиш йўлида бирга ҳаракат қилди.

– Ўзбекистонда ёш авлод қонуний ҳуқуқи ва манфаатини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган, – дейди “Юксалиш” ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов. – Ушбу лойиҳа орқали республикамизнинг беш ҳудуди болалар ва ёшлар фаровонлиги билан боғлиқ қарор қабул қилиш жараёнида бевосита иштирок этишига тизимли ёндашди. Маҳаллий ҳокимият ва ёшлар ҳамкорлигининг самарали механизми пайдо бўлди. Бу тажриба келгусида бошқа ҳудудларга ҳам ёйилади.

Йиғилишда 2022-2023 йиллар давомида маҳаллий ҳокимият идоралари болалар ва ёшлар, айниқса аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами эҳтиёжини қондиришга йўналтирилган дастурларни режалаштиришда миллий ва халқаро экспертлардан техник ёрдам олгани қайд этилди. Шаҳарларда ташкил этилган Ёшлар маслаҳат кенгашлари томонидан 10 000 дан зиёд киши билан турли онлайн платформалар орқали тадбир, юзма-юз учрашувлар ўтказилди.

Ёшларнинг шахсий муаммосини ҳал этиш, шаҳарлардаги барча болалар ва ёшларни қамраб олувчи ижтимоий муаммоларни муҳокама қилиш мақсадида “Ҳоким ва ёшлар” учрашувларининг муқобил формати қўлланилди.

Тошкентда ўтган якуний тадбир икки йил давомида эришилган ютуқлар, илғор тажриба тақдимоти, долзарб масалалар муҳокамаси учун майдон яратди, дейиш мумкин. Шу тариқа ёшлар йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ёшларни экология муаммосини ҳал этиш ва ахборот технологиялари жорий этилган касбларга жалб этиш бўйича тизимли ишлар қилинди.

Бундан ташқари келгусида бандлигини таъминлаш мақсадида ногирон болалар учун зарур кўникма эгаллаш имконини кенгайтириш, қиз ва ўғил болалар бўш вақтини мазмунли ўтказишини таъминлаш чора-тадбирлари ишлаб чиқилган.

Жоффри Ижумба айтишича, маҳаллий ҳукумат болалар ва ёшларнинг фикрини эътиборга олиб, улар билан ҳамкорликда ишлаётгани лойиҳанинг асосий ютуғидир.

– Барча беш пилот ҳудудни қисқа вақт ичида эришган юқори натижалари билан табриклаймиз, – деди Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлик бўлими раҳбари Рахель Бёш. – Ушбу муҳим лойиҳа маҳаллий даражада хотин-қизларни, болаларни кенг қамраб олишга имкон берди. Ёшлар бошчилигидаги инновацион ташаббуслар, Ўзбекистоннинг янги Конституциясида назарда тутилганидек, маҳаллий даражада янада инклюзив бошқарув йўлига чорлаяпти.

“Болалар ва ёшларга дўстона, маҳаллий бошқарув” ташаббуси финалчилари сифатида Фарғона, Навоий, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасига тегишли сертификат берилди. Мазкур амалиёт, билим ва тажрибадан маҳаллий бошқарув тизимини янада мустаҳкамлаш, болалар ва ёшлар ҳуқуқини кенг маънода таъминлашда фойдаланилади. Келгусида, Ўзбекистон аҳолисининг 55 фоиздан зиёдини ёшлар ташкил этишидан келиб чиқиб, айни бошқарув тизимини мунтазам такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА