Рақамли технологиялар вазирлиги биносида “Women in Tech Uzbekistan”нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Хотин-қизларнинг фан ва технологиялар соҳасида муваффақиятга эришишларини қўллаб-қувватлаб келаётган “Women in Tech” халқаро нотижорат ташкилотининг бош офиси Парижда жойлашган бўлиб, 48 мамлакатда филиаллари мавжуд.

Марказий Осиё давлатлари ичида биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда ушбу ташкилот ўз фаолиятини бошлади. Очилиш маросимида Рақамли технологиялар вазирлиги масъул ходимлари, хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги элчилари, республиканинг йирик IT-компаниялари вакиллари ҳамда соҳага қизиқувчилар иштирок этди.

Тадбир доирасида Ўзбекистондаги аёллар ва қизлар учун мазкур соҳалардаги имкониятларнинг йиллик режаси тақдимоти, Маслаҳатчилар кенгаши тақдимоти ҳамда ушбу Кенгаш вакиллари билан технология соҳасидаги имкониятлар ва муаммолар, жумладан, гендер масалалари юзасидан панел муҳокамалар ўтказилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистондаги етакчи технология компаниялари муваффақиятга эришиш йўлидаги ўз тажрибалари билан бўлишди.

Хорижлик меҳмонларга ўзбек маданиятининг бой меросини тараннум этиш, унинг мумтоз ва халқ амалий санъати, ижрочилик анъаналари, урф-одат ва маросимларини намойиш қилиш мақсадида маданий концерт дастури намойиш этилди.

Интерактив тарзда ўтказилган ушбу тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш билан бир қаторда, энг яхши савол эгалари эътироф этилди.

Н.Раҳмонова, ЎзА мухбири