Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Музаффар Мадраҳимов Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA) президенти Серкан Кайалар билан учрашув ўтказди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва TIKA ўртасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати, Агентликнинг мамлакатимиздаги фаолиятини янада кенгайтириш истиқболи юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда 1993-2023 йиллар давомида TIKA томонидан турли соҳаларда умумий қиймати 60 миллион долларга тенг 900 дан зиёд лойиҳа ва дастур муваффақиятли амалга оширилгани қайд этилди. Жорий йил яна 13 лойиҳани йўлга қўйиш режалаштирилган.

Давлат идоралари ходимлари малакасини ошириш, имконияти чекланган болалар учун таълим тизимини такомиллаштириш ва тарихий обидаларни реконструкция қилишга қаратилган янги ташаббусларни илгари суриш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.