Адлия вазирлиги томонидан сунъий интеллект имкониятлари ёрдамида илк мультфильм тайёрланди.

“Ўрмончи чол ва босқинчи браконьерлар” деб номланган митти фильмда ўрмонда яшовчи дарахтлар оиласи билан мудҳиш воқеа содир бўлгани ҳикоя қилинади.

Браконьерлар ўрмонга бостириб кириб, дарахтларни кесиб ташламоқчи бўлишди. Шунда уларни ҳимоя қилувчи ўрмончи амаки ва қонун ҳимоячилари дарахт кушандаларини қўлга олиб,  жавобгарликка тортилишини таъминлайди.

Бутун дунё, хусусан, Ўзбекистонда экологик муаммолар авж олган, дарахт кесишдек нохуш ҳолатлар учраб турган ҳозирги кунда бу мультфильмнинг аҳамияти беқиёс.

Нафақат табиат кўрки, балки биз нафас оладиган ҳавони кислород билан тўйинтирадиган дарахтларни асраш ғояси чиройли тарзда ифода этилган мультфильм нафақат болалар, балки катталарда ҳам илиқ таассурот қолдиради. Ўз навбатида, фильм муҳим тарбия воситаси бўлиб хизмат қилади.

Н.Абдураимова, ЎзА