Марказий Осиё халқаро институтида Германиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси доктор Тило Клиннер билан учрашув бўлиб ўтди.

Суҳбат давомида дипломатик миссия раҳбари Ўзбекистон Президентининг прагматик ва мутаносиб ташқи сиёсати ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилиб, минтақада барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлаш учун қулай шарт-шароит яратаётганини таъкидлади. Бундай ёндашув самараси ўлароқ, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатни яхшилаш, яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш борасида салмоқли муваффақиятларга эришилди.

Минтақавий ҳамкорлик масаласини муҳокама қилиш чоғида томонлар “МО+ГФР” формати доирасидаги шериклик Германиянинг минтақа давлатлари билан дипломатик алоқасини мустаҳкамлашда асосий ва муҳим воситага айланганини мамнуният билан қайд этдилар. Ушбу жараён сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда янги истиқбол, имконият очиши таъкидланди.

Иқтисодиёт, энергетика ва табиий ресурсларни бошқариш, минтақавий ҳамкорлик ва барқарорлик, иқлим ва атроф-муҳит масаласи, шунингдек фуқаролар ўртасида бевосита алоқани мустаҳкамлаш ҳамкорликнинг асосий йўналишлари сифатида эътироф этилди.

Учрашув иштирокчилари “Яшил Марказий Осиё” ташаббуси доирасидаги ҳамкорликдан мамнунликларини билдириб, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва салбий оқибатларга мослашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракат муҳимлигини таъкидладилар. Шу нуқтаи назардан Германия томонидан тақдим этилган ташаббус томонларнинг минтақадаги иқлим ўзгариши муаммосига умумий ёндашувини шакллантиради.

Учрашув якунида Tило Kлиннер Германиянинг Халқаро ва хавфсизлик масалалари институти (SWP) ҳамда Глобал ва минтақавий тадқиқотлар институти (GIGA) каби таҳлилий тузилмалари билан ҳамкорликни йўлга қўйишда МОХИга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Ғ.Хонназаров, ЎзА