Ёшлар ижод саройида Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “Ёш китобхон” танлови республика финал босқичининг 15-19 ёш тоифаси бўйича ғолибларни аниқлаш тадбири ўтказилди.

«Ёш китобхон” танлови 3 та ёш тоифасида жумладан, 10-14, 15-19, 20-30 ёшлар ўртасида маҳалла – сектор – туман – ҳудуд – республика босқичларида ўтказилмоқда. Танловда иштирокчилар 5 та шарт – “Бадиий асарлар билимдони”, “Тезкор савол-жавоб”, “Буюк мутафаккир ва адиб”, “Шеърият”, “Иншо ёзиш” шартларида беллашади.

Танловда иштирок этиш учун 10-14 ёшдагилар махсус шакллантирилган рўйхат асосида 40 номдаги, 15-19, 20-30 ёшдагилар 50 номдаги ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари, илмий-оммабоп асарларни ўқиш белгиланган. Танловда иштирокчиларнинг китобларда илгари сурилган Ватан, оила ва дўстларга бўлган садоқат ғоялари, комил инсон фазилатлари юзасидан мустақил фикр юритишига алоҳида эътибор қаратилади.

Шунга кўра, “Ёш китобхон” танлови республика финал босқичининг 15-19 ёш тоифаси бўйича ғолиблар аниқланди.

Хусусан, 1-ўрин Қашқадарё вилоятидан Мироншоҳ Нурматовга, 2- ўрин Қорақалпоғистон Республикасидан Ҳулкарой Қаландаровага, 3-ўрин эса Андижон вилоятидан Дилнавоз Хайтахматовага насиб қилди.

Ғолиблар муносиб тақдирланди. Жумладан, 1-ўрин учун Кобальт автомобили, 2 ўринга 50 миллион сўм ва 3 ўринга 30 миллион сўм пул мукофоти топширилди.

Мазкур финал босқичида қатнашган барча иштирокчилар 10 миллион сўмдан пул мукофоти билан тақдирланди.

Гулноза Бобоева, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА