“Бетарафлик дўстлари” гуруҳига аъзо мамлакатлар парламентлари раҳбарларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа форматидаги тадбир Туркманистон Миллий Кенгаши Мажлиси томонидан ташкил этилган бўлиб, тинчлик ва мулоқотни мустаҳкамлашда парламент ҳамкорлигининг ўрнига бағишланди.

Форумда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева, шунингдек, турли мамлакатлар парламентлари спикерлари, халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Маълумот учун: Тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиёт йўлида “Бетарафлик дўстлари” гуруҳи Туркманистон ташаббуси билан тузилган БМТга аъзо давлатларнинг норасмий бирлашмаси ҳисобланади.

Тадбирда “Бетарафлик дўстлари” гуруҳи тинчликни мустаҳкамлаш йўлида кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётгани, айни вақтда парламент аъзолари қонун чиқарувчилар сифатида тинчлик йўли билан ечим топиш, барқарор ривожланиш ва глобал хавфсизликни таъминлашда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

– Ҳозирги кунда тобора кучайиб бораётган таҳдидлар шароитида ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш зарурати ортиб бормоқда, – деди Т.Норбоева. – Ижтимоий-иқтисодий барқарорликни ҳар томонлама таъминлаш ва мамлакатлар ўртасидаги ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш халқаро миқёсдаги кенг кўламли ҳамкорликнинг асосий вазифаларига айланаётир. Бугунги учрашувимизни парламентларнинг кўп томонлама форматдаги амалий ҳамкорлигига қўшимча сифатида ҳамда уларнинг мамлакатларимиз барқарорлиги ва фаровонлиги билан чамбарчас боғлиқ бўлган тинчлик ва мулоқотни мустаҳкамлаш борасидаги энг муҳим масалаларни муҳокама қилишга жалб этиш воситаси сифатида қараймиз.

Иштирокчилар парламентлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришни давом эттириш муҳимлигини қайд этиб, бу кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича мутаносиб қарорлар шакллантириш ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилишига урғу берди.

Тадбир якунида “Бетарафлик дўстлари” гуруҳига аъзо мамлакатлар парламентлари раҳбарлари биринчи учрашувининг тинчлик ва мулоқотни мустаҳкамлашда парламент ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган якуний ҳужжати қабул қилинди.

Н.Абдураимова, ЎзА