Марказий Осиё халқаро институтида Кувайт Давлатининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Ал-Жийрон билан учрашув бўлиб ўтди.

Суҳбат чоғида икки давлат ўртасидаги муносабат турли соҳаларда изчил ривожланаётгани таъкидланди. Кувайт мамлакатимизнинг Яқин Шарқ минтақасидаги, айниқса, янги форматдаги Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши+Марказий Осиё шериклиги доирасидаги асосий ҳамкорларидан биридир.

Элчи Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Кўрфаз араб мамлакатлари – Марказий Осиё” биринчи саммитида илгари сурган ташаббуслари минтақавий ўзаро боғлиқликни янада кучайтиришга қаратилганини таъкидлади.

Шу нуқтаи назардан сунъий интеллект, яшил иқтисодиёт, рақамлаштириш, ақлли қишлоқ хўжалиги, нано ва биотехнологиялар, туризм, савдо, транспорт, экология, иқлим ўзгариши каби соҳалардаги ҳамкорлик айни жараённи ривожлантиришда асосий омил ҳисобланади. Мазкур йўналишлар нафақат минтақалар аро ҳамкорликни мустаҳкамлайди, балки алоҳида мамлакатлар ва бутун жаҳон ҳамжамияти ривожига ҳам ҳисса қўшади.

Учрашувда МОХИ ва Кувайт элчихонаси ўртасида мунтазам маслаҳатлашув ўтказиш зарурлиги маъқулланди. Ушбу қадам долзарб масалалар, жумладан сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва сармоявий шерикликни кенгайтириш бўйича таклиф ва ташаббуслар ишлаб чиқишни муҳокама қилиш имконини беради.

2025 йил Самарқандда навбатдаги “Кўрфаз араб мамлакатлари – Марказий Осиё” саммитини ўтказиш кўзда тутилгани эътиборга олинса, ушбу мулоқот кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича умумий чора-тадбирларни тайёрлаш ва мувофиқлаштиришда муҳимаҳамият касб этиши тайин.

Мулоқот сўнгида Аҳмад Ал-Жийрон МОХИ ва Кувайтдаги етакчи таҳлил марказлари ҳамкорлигини йўлга  қўйишда кўмак беришга тайёрлигини билдирди.

Ғ.Хонназаров, ЎзА