Фарғона вилоятида 95 та кичик, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ташкил этилган бўлиб, 410 та лойиҳа ишга туширилди. 11 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилиб, экспорт ҳажми 56,9 миллион АҚШ доллари миқдорига етди.

Иқтисодиётни изчил ва барқарор ривожлантириш, аҳоли ҳаёт даражасини юксалтиришда тадбиркорликнинг ўрни беқиёс. Шу боис ҳам тадбиркорликни тубдан ривожлантириш, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Вилоятда бугунги кунда 55 мингдан ортиқ кичик бизнес субъекти фаолият кўрсатаётган бўлиб, ҳудуд иқтисодиётига ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Маълумки, кичик саноат зоналарини ташкил этиш самарали усуллардан бири ҳисобланади. Кичик саноат зоналари тадбиркорлик субъектларини жойлаштиришга мўлжалланган, муҳандислик-коммуникация ва инфратузилма объектларини, маълум ер ёки ишлаб чиқариш майдонини ўз ичига олиб, ҳудудларни ривожлантиришда катта имкониятлар яратади.

Ҳудудларда мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Ҳозирга қадар шаҳар ва туманлардаги 71 та кичик саноат зонасида 2,7 триллион сўмлик лойиҳа ишга туширилди. Улар томонидан 1 триллион 436,6 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

– Кичик саноат зоналари тадбиркорларга қўшимча қулайлик ва имконият яратиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва шу орқали ҳудуд саноат салоҳиятини ошириш, иқтисодиётини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга, – дейди вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Кичик ва ёшлар саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирекцияси директори Ҳамиджон Ҳабибиддинов.– Вилоятда биргина кичик ва ёшлар саноат тадбиркорлик зоналарини инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 2020-2024 йилларда ҳукуматнинг тегишли қарорлари билан 405 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Бугунги кунда мазкур ҳудудларда истиқболли лойиҳалар амалга оширилиб, сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Шаҳар ва туманларимиздаги кичик саноат зоналарида лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида ҳудуднинг саноат салоҳияти ошмоқда.

Фарғона шаҳридаги кичик саноат зонасида “Central Asia Motors” масъулияти чекланган жамияти томонидан енгил ва юк электромобилларини ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу ерда дастлаб 4 турдаги ҳамёнбоп электромобиллар ишлаб чиқариляпти. 350 миллион долларлик лойиҳанинг илк босқичида 100 та иш ўрни яратилди.

–Бу лойиҳа уч босқичдан иборат, –дейди жамият раҳбари Баҳодиржон Аҳмедов.–Биринчи босқичимиз автомобилларни бутлаш ва тестдан ўтказишдир. Бу ерда электромобиллар учун кузов, заряд станцияси, аккумулятор эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарилиши маҳаллийлаштирилади. Йилда 10 минг электромобиль ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва унинг 40 фоизи экспортга йўналтирилади.

Бўш майдонлардан реал иқтисодий секторни ривожлантириш орқали улардан самарали фойдаланиш ҳудудга жуда катта наф беради. Шу боис вилоят ҳокимлиги томонидан бунга муҳим эътибор қаратилмоқда. Фарғона шаҳридаги “Ўрмончилар” маҳалла фуқаролар йиғинида фаолияти тугатилган карьер ҳудудида амалий ишлар бошлаб юборилди.

Фарғона кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси балансидаги 16 гектардан зиёд майдонни эгаллаган ушбу ҳудуд карьер фаолияти тугатилгандан сўнг қаттиқ чиқиндиларни ташлаш жойига айланиб қолганди. Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан бу ерда кичик саноат зонаси ташкил этиш мақсадида кенг қамровли текислаш ҳамда заминни мустаҳкамлаш ишлари давом этмоқда. Ҳудудда ҳозирги кунда кўплаб махсус техникалар жалб этилган ҳолда иш олиб борилмоқда.

М.Сулаймонов, ЎзА мухбири