Коррупцияга қарши курашиш Стратегиясини қабул қилиш ташаббуси илгари сурилди

Мажлисда лойиҳадаги бир қатор мақсадларга эришиш бўйича тегишли таклифлар муҳокама қилинди ва фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Жумладан, коррупцияга қарши курашиш соҳасида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотларни ҳамда вазифаларни назарда тутувчи Коррупцияга қарши курашиш Стратегиясини қабул қилиш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари раҳбарларини очиқ танлов асосида ишга қабул қилишда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан бирга Жамоатчилик кенгаши билан ҳам келишиш ҳамда уларнинг фаолиятини доимий равишда баҳолаб бориш каби таклифлар берилди.
Муҳокамалар жараёнида томонларни келиштиришга эришиш орқали низоларни судгача ҳал қилиш ҳамда судларда иш ҳажмини камайтириш мақсадида медиация институтининг ролини тубдан ошириш юзасидан фикрлар билдирилди.
Бунда, тадбиркорлик субъектлари ўртасида тузилган шартномаларни лозим даражада бажармаслик натижасида келиб чиқадиган низоларни дастлаб судга қадар медиация тартибида ҳал этишнинг мажбурийлигини белгилаш мақсадга мувофиқ.
Медиатив келишувга эришган тарафлар томонидан келишув шартларини ихтиёрий равишда бажармаган тақдирда уни мажбурий тартибда ижрога қаратишни белгилашни назарда тутиш зарур.
Мазкур таклиф ва фикр-мулоҳазалар Давлат дастурига киритилиши учун тақдим этилиши маълум қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА