2022 йилда бошланган автомобиллар савдосини ошириш бўйича фаол тенденция 2023 йилда ҳам давом этди. Енгил электромобиллар сегменти 4,3 баравар кўпайиб, йил давомида энг катта фаолликни кўрсатди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг Ўзбекистон автомобиль бозоридаги вазият таҳлилига кўра, ўтган йил давомида 1,69 млн. дона автотранспорт воситалари сотилди. Бу, 2022 йилга нисбатан 18 фоизга кўпдир. 2023 йилдаги энг юқори кўрсаткич май ва октябрь ойларида, сотувлар 156 ва 186 мингта машинадан ошганида қайд этилди.

2023 йилда Ўзбекистонда 379 мингта янги енгил автомобил сотилди – ўтган йилга нисбатан 33 фоизга ўсган.

Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг савдо кўрсаткичларига келсак, 2023 йилда Ўзбекистонда 333 мингдан ортиқ маҳаллий енгил автомобиллар сотилган – ўтган йилга нисбатан 25 фоизга кўп.

Икки йил ичида маҳаллий енгил автомобиллар ишлаб чиқариш 2021 йилдаги 236 минг донадан 2023 йилда 395 минг донагача 1,6 баробар ошди.

Бундан ташқари, ўзбекистонликлар автомобиль сотиб олиш учун кўпроқ кредит олишни бошлади. Хусусан, 2022 йилда автокредитлар бериш 2,3 баробарга ошиб, 19,6 трнл. сўмни ташкил этди.

2023 йилнинг 11 ойида аҳолига 34,6 трлн. сўмлик автокредитлар берилди – 2021 йилга нисбатан 4,4 баробарга кўп.

Хорижда ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар савдоси йил давомида 2,4 баробар ошди ва 46 мингта автомобилни ташкил этди.

2023 йилнинг 11 ойида енгил автомобиллар импорти сезиларли даражада – 2,2 баробар ошди ва 1,56 миллиард долларни (19,4 трлн. сўм) ташкил этди.

Автомобиль бозорининг ушбу сегментида машина импортининг ўсишига асосан божхона тўловларининг камайиши таъсир кўрсатди.

Эслатиб ўтамиз, давлатимиз раҳбари 2022 йил февраль ойида импорт қилинадиган автомобиллар учун божхона тўловларини икки баравар камайтириш бўйича топшириқ берган эди. Ички автомобиль бозорида рақобатни рағбатлантириш мақсадида ставкаларни босқичма-босқич нолга тенглаштириш зарурлиги белгиланди.

Жумладан, Ўзбекистонда автомобиль импортига божхона тўловлари ставкалари икки босқичда: 2022 йил февраль ойидан бошлаб 2 баробарга (30 фоиздан 15 фоизгача) ва двигатель ҳажмига қараб қўшимча коэффициентлар, 2023 йил январь ойидан эса қўшимча коэффициентлар пасайиши билан ставка 15 фоиз қилиб белгиланди.

Бундан ташқари, янги хорижий автомобиллар импортининг ўсиши кичик автомобилларга божхона тўловларининг пасайишига олиб келди.

Бир йил ичида Ўзбекистонда ҳайдалган енгил автомобиллар савдоси 12,6 фоизга ўсиб, 1,16 миллион донага етди.

Ўзбекистонда электр двигателли автомобилларга қизиқиш тобора ортиб бормоқда. 2023 йилда енгил электромобиллар савдоси 4,3 борабарга ошиб, 25,7 мингта электрокарни ташкил этди.

Энг кўп электромобиллар – қарийб 71 фоиз пойтахтда, Сурхондарё вилоятида эса – 123 та, энг кам электрокарлар сотилди.

 

М.Қосимова тайёрлади, ЎзА